Инсон учун энг қадимий, барча замон ва маконда ўта мукаммал яратилган восита бу китобдир. Уни варақлаган инсон ўзига ярашасини олади. Ҳар ким ундан ўзини топади.
Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида “Китобхонлик фестивали” доирасида бўлиб ўтган тантанали тақдирлаш маросими ҳам ёш авлодни китобга ошно этиш, жамиятда китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш ҳамда ижодкор болаларни рағбатлантиришга қаратилди.


Тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасаддилари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган болалар кутубхоналари масъуллари, ўқувчилар ва ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

“Энг китобхон мактаб”, “Энг фаол китобхон ўқувчи”, “Ижодкор болалар”, “Энг китобхон оила” ва “Ташаббускор кутубхоначи” каби йўналишлар бўйича ўтказилган китобхонлик кўрик-танловларида жами 78 минг 622 нафар ўқувчи қамраб олиниб, шаҳар ва туман босқичларида 8 минг 652, вилоят босқичида эса 84 нафар китобсевар беллашди.

Унда юртимизда китоб ва китобхонликка қаратилаётган эътибор самаралари, бугунги жамиятда китобхонлик нечоғлик зарурий аҳамият касб этиши хусусида фикр-мулоҳазалар билдирди.
Китобга меҳр қўйган, билим ва тафаккурда тенгсиз саналган 40 нафар ғолиб ва совриндор ўқувчи мукофотланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА