Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китобхонлар билан учрашувлар
19:40 / 2025-12-15

Мирзапўлат Тошпўлатов 75 ёшда

Таниқли ёзувчи ва сценарийлар муаллифи Мирзапўлат Тошпўлатов ижодида ҳаёт ҳақиқати, инсоний муносабатлар ва замондошлар тақдири етакчи мавзу сифатида намоён бўлади. 

Адиб Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Дашту Файзобод қишлоғида туғилиб, вояга етган.

Кенг китобхонлар оммаси уни, аввало, телеканаллар орқали намойиш этилган ва томошабинлар қалбидан чуқур жой олган “Занжир” телесериали сценарийси муаллифи сифатида яхши танийди. Ушбу асар орқали адиб инсон тақдири, ҳаёт синовлари ва жамиятдаги мураккаб муносабатларни таъсирчан бадиий ифодада кўрсата олган.

Мирзапўлат Тошпўлатов ижодида ибратли воқеалар, ҳаётий муаммолар ва оддий инсонларнинг қалб кечинмалари марказий ўрин тутади. Унинг қаламига мансуб “Юракдаги сир”, “Беором тўлқинлар”, “Бозор ичра бозор”, “Ойни ахтараётган бола”, “Бахт юлдузи”, “Санам тоғидаги гулхан”, “Сирли тузоқ”, “Одамлар” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари ҳам айнан шу жиҳатлари билан китобхон эътиборини қозонган.

Бу йил ижодкор ўзининг 75 йиллик юбилейини нишонламоқда. Шу муносабат билан Қашқадарё вилоятида ҳам адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган қатор маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ташкил этилди.

Дастлабки учрашув адиб туғилиб ўсган Қарши тумани Дашту Файзобод қишлоғида жойлашган, ёзувчи таҳсил олган 7-сонли мактабда бўлиб ўтди. Унда пойтахтдан ташриф буюрган меҳмонлар, адибнинг оила аъзолари, синфдошлари, яқинлари ҳамда мактаб ўқитувчилари иштирок этди. Учрашув давомида ёшлар ижодкор асарлари, унинг ҳаёт йўли ва ижодий изланишлари ҳақида батафсил маълумот олдилар.

Китобхонлар билан ижодий учрашувлар Қарши давлат университетида давом этди. Тадбирда мамлакатимизнинг таниқли ижодкорлари – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, “Шарқ юлдузи” ва  “Звезда Востока” журналлари таҳририяти бош муҳаррири  Сирожиддин Рауф, шоир Амир Худойберди ва бошқалар сўзга чиқиб, Мирзапўлат Тошпўлатов билан боғлиқ хотиралар, унинг асарларидаги етакчи ғоялар, бадиий услуби ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Адибнинг ўзи ҳам тадбир иштирокчилари билан самимий мулоқот қилиб, ўқувчилик йиллари, ижодга кириб келиши, ҳикоя ва қиссаларига асос бўлган ҳаётий воқеалар ҳақида сўзлаб берди. Бундай учрашувлар ёш авлод учун адабиётга меҳр уйғотиш, миллий адабиёт намояндалари ижодини чуқурроқ англашда муҳим аҳамият касб этади.

Ижодкорнинг ҳаёт ва адабиёт йўли, инсон тақдирига дахлдор асарлари бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган бўлиб, китобхонни фикрлашга, ҳаётга теранроқ назар ташлашга ундайди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири