Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Республика болалар кутубхонаси томонидан Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида "Илмни қадрланг, илмга интилинг!" шиори остида "Китобхон битирувчилар" фестивали ўтказилди.
Фестивалда китобхонликни ривожлантириш, болаларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқини тобора кучайтириш масаласига катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Республика болалар кутубхонаси томонидан ўқувчи-ёшларнинг китобхонлик маданиятини тобора ошириш, уларда миллий адабиётимизга бўлган қизиқиш ва интилишини янада кучайтиришга оид кўплаб маърифий лойиҳалар ташкил этилмоқда.
Айни пайтда юртимиз ёзувчи ва шоирлари, адабиётшунос олимлари билан ўтказиладиган доимий учрашувлар, мулоқотлар, адабий-маърифий анжуманлар ўқувчи-ёшларга мамлакатимизда кечаётган бугунги ижодий жараёнлар, қалам аҳлининг изланишлари, ижодий лабораторияси, келгусидаги режалари билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.

Фестиваль доирасида битирувчиларнинг, умуман, мактаб ўқувчиларининг китобхонлик даражасини синовдан ўтказишга оид танлов ва викториналар, тезкор савол-жавоблар ўтказилди.
Ғолиб бўлган ўқувчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, "MAGIC CITY” боғида "Китоб оқшоми" фестивали ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.
Унинг доирасида бўлиб ўтган китоб кўргазмалари, "Фарзандимга китоб совға қиламан" маърифий акцияси, давра суҳбатлари, турли ижодий танловлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова,
ЎзА