Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Китобхон давлат хизматчиси” танлови
10:31 / 2024-10-26

Сирдарёда  давлат хизматчилари ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида  “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Китобхон давлат хизматчиси” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали, вилоят ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа уч босқичда ўтказилди.

Биринчи босқич  мусобақасида иштирок этиш истагини билдирган 413 нафар давлат фуқаролик хизматчисидан 306 нафар номзоднинг малака талаби танлов шартларига мос бўлгани боис тест синовлари ўтказилди. Онлайн ўтказилган тест синовида 251 нафар номзод иштирок этиб, Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар", Абдулҳамид Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз", Эрнест Хемингуэйнинг "Чол ва денгиз" романлари, Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари" қиссаси, Шукур Холмирзаевнинг "Ўзбек характери" ҳикоялари асосида тузилган ҳамда адибларнинг ҳаёти ва ижодига оид 25 та тест саволига жавоб берганди. Тест натижаларига кўра, юқори баллни қўлга киритган 30 нафар иштирокчи Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида ўтказилган якуний мусобақада иштирок этиб,  “Бадиий асарлар билимдони” ва “Тезкор савол-жавоб” шартлари асосида ўз билимларини синовдан ўтказди.
Нуфузли ҳайъат аъзолари  бадиий асарлар ва тезкор савол-жавоблар бўйича улар иқтидори, билимларини баҳолаб боришди. 

Якунда 2 та шарт бўйича танлов ғолиблари аниқланди: Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бош мутахассиси Шоира Қурбонова 3-ўринга, Сирдарё тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассиси Замира Йўлдошева 2-ўринга муносиб деб топилган бўлса,  Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Сирдарё вилояти бош бошқармаси бош иқтисодчиси Шаҳноза Мелибоева мазкур танловнинг мутлақ ғолиби деб топилди.

Сирдарёда ўтказилган “Китобхон давлат хизматчиси” танлови давлат хизматчиларининг ижтимоий-маънавий билимларини янада мустаҳкамлаш, амалий кўникмаларини ривожлантириш, жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтиришга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири