Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳоли орасида китобга қизиқишни кучайтириш кўзда тутилган.
Қарор ижросини таъминлаш, давлат хизматчилари ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда маънавий-интеллектуал салоҳиятни юксалтириш мақсадида тизим ходимлари иштирокида “Китобхон давлат хизматчиси” танлови ташкил этилди.
Тадбир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунларига бағишланди ва унда таниқли ёзувчи, шоирлар, маънавий-маърифий соҳа масъуллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятининг давлат хизматчилари дунёқарашини кенгайтириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлашдаги муҳим ўрни ҳақида сўз юритди.
Танлов икки босқичда ташкил этилиб, иштирокчиларнинг билими ўзбек бадиий адабиёти намуналари, дунё ва ўзбек китобхонлари орасида энг кўп сотилган асарлар асосида шакллантирилган тест синовлари ҳамда суҳбат орқали баҳоланди.
Танлов якунига кўра, Сарварбек Файзуллаев – биринчи, Фазлиддин Пардабоев – иккинчи, Темурбек Сувонов – учинчи ўринни эгаллади ва муносиб тақдирланди.
Қатор махсус номинациялар бўйича ғолибларга ҳам мукофот ва китоблар тўплами топширилди.
Н.Абдураимова, ЎзА