Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китобнинг яна бир сўлим маскани туризм қишлоғига айлантирилмоқда
13:06 / 2023-01-14

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги «Башир» қишлоғи туризм қишлоғига айлантирилмоқда. «Ҳазрати Башир» зиёратгоҳи айнан шу қишлоқда жойлашган. Зиёратгоҳ номи шу жойда яшаб ўтган авлиё Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Башир (1368-1464) номи билан боғлиқ.

Қайд этиш лозимки, 2022 йилда «Ҳазрати Башир» зиёратгоҳига 400 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий турист ташриф буюрган. Ушбу маскан нафақат бетакрор табиати, балки ўзига хос тарихи билан ҳам эътиборни жалб қилиб келади.

Манбаларда келтирилишича, Ҳазрати Баширнинг дунёга келишлари ҳам ўзига хос синоат билан юз берган. Яъни, буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг пири Саид Бараканинг укалари Саид Неъматуллоҳ саройдан чиқиб, Китоб томон йўл олади ва тоғ этагидаги Қоплотун қишлоғида пиёз ўтоқ қилаётган деҳқон - Ҳожи Ҳасан отанинг уйида бир неча кун меҳмон бўлади. Саид Неъматуллоҳ мезбоннинг фарзанди йўқлигидан куюнишини кўриб, унинг аёли Биби Малокатни дуо қилади.

Орадан 9 ой ўтгач, тахминан 1379 йилда оилада ўғил фарзанд туғилади ва унга Султон Сайид Аҳмад дея исм қўяди. Бу вақтда Ҳазрати Баширнинг отаси Хўжа Ҳасан 90 ёшда, онаси Биби Малокат эса 80 ёшда бўлган. Ота-онаси кекса бўлганлиги сабабли чақалоқ кўкрак сутидан маҳрум эди. Шу сабабли уни кичиклигиданоқ «Бешир», яъни сутсиз деб атайдилар ва у булоқ сувини ичиб катта бўлади, табиат унинг иккинчи онаси бўлиб, Ҳазрати Башир бир умр табиат қўйнида истиқомат қилади.

Бу чашмадан ҳанузгача саратонда ҳам муздек, тип-тиниқ, шифобахш сув оқиб туради. Шу сабабли зиёратгоҳга келаётган аксарият туристлар, албатта, бу сувдан ичиб, ўзлари билан ҳам олиб кетишади.

Ҳазрати Башир умри давомида одамларни меҳрли, оқибатли, диёнатли бўлишга, ҳалол ризқ топишга, ўз қўл кучи билан яратилган маҳсулотни истеъмол қилишга чақирган ва ўзи ҳам бу борада ўрнак бўлиб келган.

Манбаларга кўра, Ҳазрати Башир қишлоқдаги Ниёзтепада дафн этилган. Эл орасида «Ҳазрати Башир қабри олдидаги арча дарахти у кишининг ҳассаси бўлган», деган ривоят юради. Айтишларича, Ҳазрати Башир ота ҳассасини улоқтириб, «Қаерга бориб тушса, ўша жой менинг қабрим бўлади», деган эканлар. Ҳасса йўғон томони билан ерга қадалиб қолади. Шунинг учун бошқа дарахтлардан фарқли равишда унинг паст томони ингичка, юқори томони йўғондир. Бу тилсимот ҳам, албатта, туристларни бефарқ қолдирмайди.

«Ҳазрати Башир» қишлоғи Қашқадарё дарёси бўйида жойлашган. Баланд-баланд чинорлар қишлоққа кўрк бериб туради. Ҳудуд тоғ билан ҳам туташиб кетган. Шунинг учун бу ерда ёз ойлари юртимизнинг турли вилоятлари ва хорижий мамлакатлардан саёҳатчилар кўп келади. Улар Ҳазрати Башир отани зиёратгоҳини зиёрат қилиш билан бирга, дарё бўйида дам олишади.

Қишлоқда зиёрат туризми, экотуризм ва агротуризм ривожланган.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда қишлоққа ташриф буюрадиган сайёҳлар сонини 700 мингга етказиш ва қишлоқни туризм қишлоғига айлантириш учун қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда қишлоқда 20 дан зиёд оилавий меҳмон уйи фаолият юритмоқда. Бу хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ҳудудда кўпроқ қолиш ҳамда маҳаллий халқ турмуш тарзи билан яқиндан танишиш имконини беради.

Сўлим табиат, мусаффо тоғ ҳавоси, шифобахш чашма, меҳмондўст қишлоқ одамлари, экологик тоза мевалар, мазали таомлар ва қалбларга сокинлик бағишловчи зиёратгоҳ сайёҳларни ўзига жалб қилиши шубҳасиз.

Маълумот учун, Қашқадарёдаги «Варганза» қишлоғи вилоятдаги биринчи агротуризм қишлоғи ҳисобланади. Бу ерда 2019 йилда биринчи марта «Анор» халқаро агротуризм фестивали бўлиб ўтган ва қишлоққа «агротуризм қишлоғи» мақоми берилган.

Г.Сатторова, ЎзА