Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китобнинг баҳоси
09:15 / 2022-11-01

Ҳаммамиз яқинда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Самарқанд саммитининг шарафли акс садолари сурури билан яшаяпмиз. Дунёнинг ярмидан учиб келган меҳмонлар самолётдан бир гўзал манзарага мафтун бўлдилар. Бу ҳам бўлса, Самарқанд халқаро аэропортининг очиқ китоб шаклидаги тимсоли бўлди. Бу тимсол бежиз танланмаган. Бунда эй азиз меҳмон, сиз ҳар қаричи китобдек муқаддас маърифат заминига қадам қўймоқдасиз, деган эслатма бор. Бу тимсолда Биринчи Шарқ ренессанси, Иккинчи Шарқ Ренессанси ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланаётган Учинчи Шарқ ренессанси мужассам.

Халқимиз – китобхон. Азал-азалдан юртимизда китоб эъзозланиб келади. Қишнинг узоқ тунларида маҳалла ва қишлоқларда одамлар чойхона, гузар ёки хонадонларда сандал атрофида тўпланишиб, қиссахонлик қилишган. Бадиий асар қаҳрамонлари билан хаёлан бирга яшаб, уларнинг саъй-ҳаракатлари, жасурлиги-ю ботирлиги, ватанпарварлиги, элпарварлиги, севги-муҳабббати ҳақида суҳбатлар қуришган.

Китобдан таъсирланиб, ҳаётда ҳам ўзларини асарлар қаҳрамонларидек тутишга интилганлар. Китоб уларнинг қалбида Ватанга садоқат, юрт ҳимояси учун фидойилик ҳисларини мана шундай жўш урдириб, дунёқараши сарҳадларинибепоён қилган. Шунинг учун Шарқда китоб ва нон ерда ётмайди. Дарҳол олиб, тепага, муносиб жойига қўядилар. 

Нафақат бизда, Ғарбда ҳам китоб эъзозда. Дунёнинг ойдин кишилари китобни бағрига босиб, улуғлаб келишади. Бунга Ғарб мутафаккирларининг “Китобсиз уй – туйнуксиз уй” (Генрих Манн), “Китобсиз хонадон – жонсиз тан(Цицерон),  “Қиличга қайроқ қанчалик керак бўлса, ақлимизга китоб шунча керак”(Жорж Мартин), “Китобхонларнинг барчаси лидер бўлмаслиги мумкин, лекин лидерларнинг барчаси китобхондирлар”(Гарри Трумэн), “Тан учун машқ қанчалик зарур бўлса, ақл учун китоб ўқиш шунчалик зарур” (Джозеф Аддисон). Қаранг, қандай гўзал фикрлар.

Китобдаги мана шу фазилатлар боис у доно дўст. Беминнат устоз, дилкаш маслаҳатчи. Юқоридаги ҳикматларни ўқиб, Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш масаласи катта эътибор берилаётганининг боисини англаймиз. Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар Дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги шахдам қадам бўлди. 

Мамлакатимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 
14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори китобхонлик маданиятини ривожлантиришни мустаҳкам, мунтазам асосга қўйиб берди. Мана, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтасида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказиб келинмоқда. Айниқса “Ёш китобхон”, “Энг яхши китобхон оила” каби танловлари бизни китобхон миллатга айлантирмоқда. 

Кўп китоб ўқийдиган ёшлар илгари мақтаб қўйилган, холос. Янги Ўзбекистонда эса бу фазилат нафақат мақталади, балки моддий рағбатлантирилаяпти. Мамлакатимизда бир неча китобхон ўғил-қизлар кўп китоб ўқигани учун Спарк автомобиллари билан мукофотландилар. Уларнинг айримлари яп-янги Спарк калитларини оталарига совға қилишди. Қанчалар гўзал оқибат, манзара! Бу ибратлар ёшларимизнинг китоб ўқишга қизиқишини алангалатиб юбормоқда.

Китоб аслида бебаҳо неъмат. Унинг маънавий қийматини баҳолаб бўлмайди. Бироқ китоб айни вақтда маҳсулот. Товар. Харажатлари бор. Биз китобни сотиб олиб, ўз кутубхонамизни бойитамиз, ўқиймиз.

Мана шу масалада озгина мулоҳазали ўринлар кўриниб қолаяпти-да. Назаримизда айрим ҳолларда китобга муаллифлар ва тадбиркорлар томонидан иқтисодий жиҳатдан асосланмаган нархлар қўйилмоқда. 

Китобхон-харидорларнинг аксарият қисмини ўқувчи-талаба ёшлар ташкил этишини ҳам унутмаслик лозим. Зийрак кўзларимиз уларнинг китоб расталарида айланиб юриб, ўзлари севган асарларни варақлаб, варақлаб, яна дўкон жавонига қўйиб, чиқиб кетишаётганини кўраяпти. Сабаб – нархида.

Устига-устак ҳудудларда бир китобнинг нархи ҳар хил. Мисол учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сотилаётган китобларнинг нархи мана бундай:

Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” китоби Тошкентда 35.000 сўм Самарқандда 22.000 сўм – фарқи 13.000 сўм;

Алишер Навоийнинг “Ҳамса” асари Тошкентда 32.500 сўм, Самарқандда 21.000 сўм – фарқи 11.500 сўм; 

“Алпомиш” достони Тошкентда 40.500 сўм, Самарқандда 28.000 сўм – фарқи 12.500 сўм;

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари Тошкентда 29.500 сўм, Самарқандда 38.000 сўм;

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи Тошкентда 
19.600 сўмдан сотилмоқда, Самарқандда эса 26.000 сўмдан нархи белгилаб қўйилган – фарқи 7.600 сўм;

Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” асари Тошкентда 26.000 сўм, Самарқанд сотувида 35.000 сўм – фарқи 9.000 сўм;

Саъдуллох Ойдиннинг “Саодат асри фидоий аёллари” китоби Тошкентда 44.000 сўм, Самарқандда эса 24.000 сўм – фарқи 20.000 сўм; 

Жавлон Жавлиевнинг “Қўрқма” китоби Тошкентда 45.000 сўм, Самарқандда 50.000 сўм – фарқи 5.000 сўм.

Китоб нархларидаги бундай “акробатика” синоатини қандай тушунмоқ керак?! 

Муҳтарам ноширларимиз, китоб савдоси ташкилотчилари, тадбиркорларимиз, муаллифларимиз бу ҳақда ўз фикрларини айтсалар...

Шояд китоб савдоси тарозусининг талаб ва таклиф паллалари тўғри бўлса, деган умид қилиб қоламиз.   

 

 

Азамат ҲАЛИМОВ,

Республика Маънавият ва

маърифат маркази бош мутахассиси