“Бестселлер”
Бугун қандай асарлар ўзбек китобхонлари орасида оммалашмоқда? Ўқувчилар қалбидан жой олаётган ёхуд муҳокамалар марказида турган китоблар қайсилар?
ЎзАдаги янги лойиҳа –“Бестселлер” рукнида шу каби саволларга жавоб топасиз.
Сўнгги кунларда Рей Брэдберининг “Фаренгейт бўйича 451 даража” асари ўқувчилар эътиборини яшин тезлигида ўзига қаратиб олди. Нашриётларнинг айтишича, ҳозирда қўлма-қўл сотилаётган китоблар рўйхатида мазкур асар ҳам етакчилик қилмоқда. Китоб дастлаб бундан бир неча йил аввал ўзбек тилига ўгирилиб, “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилганди. Яқинда “Asaxiy Books” нашриёти томонидан асар қайта таржима қилиниб, нашрга тайёрлангач, унинг атрофидаги муҳокамалар яна қайта жонланиб кетди.
Асар муаллифи ҳақида қисқача
Америкалик машҳур фантаст ёзувчиси Рэй Брэдбери 1920 йилнинг 22 августида Уокиган (Иллинойс штати) шаҳрида дунёга келган. Илк ҳикояси 1941 йилда босилган адиб 92 йил яшаган ва улкан адабий мерос қолдирган. Унинг китоблари бутун дунёдаги фантаст адабиёти ихлосмандларига таниш ва севимли бўлиб, барча қитъаларда севиб ўқилади. Ҳаттоки, олий маълумотга ҳам эга бўлмаган Рэй Брэдбери адабиётдаги хизматлари ва асарлари учун кўплаб мукофотларга сазовор бўлган ёзувчи эди.

Брэдбери ўта кучли шахс бўлган. Ҳаётининг сўнгги йилларида у ногиронлик курсисига михланиб қолади. Битта қўли умуман ишламасди, аммо кўзларида ҳаёт порлар эди. Ёзувчи тўқсон ёшида, касал ҳолида ҳам дунёдаги воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиб турар ва тинимсиз ишларди.
Уни илмий фантастика даҳоси, коинот асри шоири деб ҳисоблашарди, аммо ўзи бу таърифларни ёқтирмас ва одамлар ҳақида ёзяпман, дея таъкидларди. Гарчи ярим аср муқаддам плазмали телевизорлар, банкоматлар ва кузатув камералари ҳақида ўз асарларида башорат қилган бўлса-да, адибнинг уйидаги бор-йўқ техника телевизор ва оддий телефондангина иборат эди. Рэй Брэдбери машиналардан, компьютерлардан ва интернетдан нафратланишини яшириб ўтирмаган: “Улар бизнинг яшашимизга халақит беришади, улар бизнинг вақтимизни олиб қўйишади. Одамлар компьютерда жуда кўп ишлашади. Улар бир-бирларини тинглаш ўрнига, жуда кўп вайсашади”, деган эди у.
“Фаренгейт бўйича 451 даража” нимаси билан аҳамиятли?
Китобни нашрга тайёрлаган муҳаррир Зиёда Ғуломова:
– Китоб антиутопик ёки дистопик жанрга мансуб. Бу жанрнинг бошқа жанрлардан фарқи муаллиф келгусида ҳаётда қандай янгиликлар бўлишини башорат қилади. Мазкур жанрдаги китоблар аввало ўқувчи дунёқарашини кенгайтиради, келажакда умуман тасаввуримизда бўлмаган, биз билмаган, ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмаган ҳаёт қандай бўлишини ўйлаб кўришга туртки бўлади. Антиутопик жанрдаги мутолаа фикрлашнинг кенгайишига ва тасаввур дунёсининг бойишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.
– Ярим асрдан ошса ҳамки, асар ҳануз оммабоплигини йўқотмади, уни яна қанча яшайди, деб ўйлайсиз?
– Асарнинг ўз қийматини йўқотмаганига сабаб ёзувчининг маҳорати. Муаллиф асрлар ошса ҳам ўлмайдиган, умумбашарий мавзуга қўл урган. Шунингдек, бир неча йиллар аввал китобда башорат қилинган ҳодисалар айни кунда ҳаётимизда чиндан пайдо бўлаётгани диққатга сазовор. Масалан, 1953 йилда ёзилган “Фаренгейт бўйича 451 даража” асарида симсиз қулоқчинларнинг келажакда пайдо бўлиши батафсил тасвирлаган. Бугун эса чиндан улар инсоният ҳаётига кириб келди, ҳатто бу каби қулоқчинлар юртимизда ҳам оммалашмоқда.

Асарда китоб муаммоси, китобларнинг йўқолиб кетиши масаласи кўтарилган. Тасаввур қиляпсизми, бу фикрни Рей Брэдбери 1953 йилда, босма китоблар инсоният ҳаётининг ажралмас бир бўлаги бўлган даврда ёзган. Бугунга келиб эса ҳаётимизни технологиялар эгалламоқда, электрон китоблар, аудио китоблар оммалашмоқда.
Бу орқали босма нашрларга талаб сусайганини кузатиш мумкин. Хўш, улар босма нашрларнинг ўрнини буткул йўққа чиқариб юбормайдими? Китобда бу савол ҳам ўртага ташланади. Мана шу ҳолатлар ҳам асарнинг ўлмаслигига, яна-да яшашига ҳисса қўшади. Шунингдек, асарда биз ҳали ҳаётимизда кўрмаган элементлар ҳам бор. Эҳтимол, улар ҳам амалга ошиши мумкинми, деган саволлар қизиқишларни уйғотади. Шу жиҳатдан мазкур асар келгуси асрларда ҳам яшайди, деб ҳисоблайман.
Моҳидил Шаҳобиддинова, китобхон:
– Асарда яқин келажакдаги Америка ҳаёти тасвирланган. Унда ёзилишича, ҳозирда ўт ўчирувчилар ёнган уйларни ўчираётган бўлса, келажакда уларнинг иш фаолияти ўзгаради. Шунда уларнинг шлангларида сув ўрнига керосин оқади. Энди ўт ўчирувчиларнинг вазифаси китобларни, китоблар бор уйларни ёқиб йўқ қилишга айланади. Бу жамиятда китобларга ҳақиқий хавф сифатида қаралади. Чунки, китоблар одамларни фикрлашга ундайди.
Бу одамларни бир тизгинда ушлаб туришга, барқарорликка таъсир қилади. Кимларнидир билимлироқ қилиши оқибатида жамиятда табақаланишни оширади, деб ҳисоблашади. Шу сабабли китобларни ўқиш, сақлаш тақиқланган. Борлари ҳам ёқиб йўқ қилинади. Асар китобларнинг қай даражада қудратга эгалигини кўрсатади, эҳтимол шунинг учун ҳам у дунё бўйлаб ўқувчиларини топган. Шу ўринда асар номининг моҳиятини ҳам тушуниш осон бўлади. Китоблар, яъни қоғоз айнан Фаренгейт бўйича 451 даража ҳароратда ёнади. Шу сабабли асар номи шундай қўйилган.
ЎзА мухбири
Мафтуна КАРИМОВА
тайёрлади