Нега бугун китоб ҳақида гапириш яна долзарб? Нега ёшларни китобга қайтариш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди? Чунки китоб ўқимай қўйган жамият секин-аста фикрлашдан, таҳлилдан, эртанги кунга ишончдан айрилади. Янги Ўзбекистон эса айнан фикрлайдиган, ўқийдиган, маънавий таянчи мустаҳкам авлодга таянишни танлаган.
Президентимиз илгари сурган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ёшлар маънавиятини юксалтириш алоҳида устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилган. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида ўтказилаётган тадбирлар, танловлар замирида ҳам айнан шу фикр ётади: ёшлар онгини банд қилиш эмас, уни мазмун билан тўлдириш лозим.
Шу маънода, 2026 йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган “Ёш китобхон” танловининг Жиззах вилояти Пахтакор тумани босқичи жамиятда китобга нисбатан ёшларда ҳали ҳам меҳр-оқибат сўнмаганини яққол кўрсатиб берди.Танлов кескин баҳслар, фикрий тўқнашувлар, асарга янгича қарашлар билан иштирокчиларда ўзига хос таассуротлар қолдирди.
Танловнинг туман босқичи “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган замонавий кутубхонада ташкил этилди.
Шартлар иштирокчилардан ёд билишни эмас, фикрлашни талаб қилди. Асар орқали муаллиф нима демоқчи экани, асосий мақсад қайси нуқтада намоён бўлиши, образлар қандай вазифа бажараётгани — мана шу саволларга жавоб изланди. Бу жараёнда китобхон билан китоб ўртасида жонли мулоқот юзага келди.
[gallery-27424]
10–14 ёш тоифасида ғолиб бўлган Нодира Абдурасоилова шу мулоқотни ҳис қила олган ёшлардан бири эканини кўрсатди. Унинг таҳлилларида болалик самимияти билан бирга, кутилмаган фикрий етуклик ҳам мужассам эди.
15–19 ёшли иштирокчилар орасида Муқадас Оқбўтаева асарга муносабати, образларни англашдаги нозик ёндашуви билан ажралиб турди. У китобни фақатгина ўқимади — уни эшитди, ҳис қилди, англади.
20–30 ёш тоифасида эса Гулмира Ўралованинг жавобларида ҳаётий тажриба билан бойиган мутолаа, сўзга нисбатан масъулият яққол сезилди.
“Ёш китобхон” танлови оддий, аммо жуда муҳим ҳақиқатни очиб берди: китоб ҳар қандай ёшдаги одамни тарбиялаб, унинг тафакккурини янада бойтишга қодир. Уни ўқиган инсон ўзини англайди, жамиятдаги ҳолатни таҳлил қилади, келажак олдида бефарқ бўлолмайди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари