French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китобга меҳр қўйган инсон кам бўлмайди
17:45 / 2024-04-17

Пойтахтимиздаги «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғинида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган «Китобхон оналар» маърифий лойиҳаси доирасида «Хон атлас» миллий матолар фестивали ҳамда «Мушоира этади давом» номли адабий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унга пойтахтимиздаги фаол аёллар, китобхон оналар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова мамлакатимизда хотин-қизлар учун зарур имконият ва шароитлар яратишнинг муайян тизими ишлаб чиқилганини таъкидлади. Бу жиҳатлар қизларни олий таълимга кенг қамраб олиш, китобхонликни маҳаллаларда ривожлантириш борасидаги амалий ишларда яққол намоён бўлмоқда.

– Китоб ўқиш орқасидан 2022 йилда неварам Асилахон Арипова «Ёш китобхон» республика танловида ғолиб бўлиб, дадасига «Спарк» автомашинасини совға қилди, – деди Гулнора Раҳимова. – Китобга меҳр қўйгани сабабли икки нафар қизим журналист, ўғлим юрист бўлди. Бугунги тадбир талабалик йилларимни, ёшлигимни ёдимга солиб юборди. ТошДУ – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини битирганман. Ёшлигим кутубхоналарда ўтган, десам муболаға бўлмайди. Китобга астойдил меҳр қўйган инсон ҳаётда кам бўлмаслигига умрим давомида кўп марта гувоҳ бўлдим. 

Маърифий анжуманда атоқли шоира ва ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларининг аҳамияти хусусида батафсил сўз юритди.

Энг фаол китобхон хотин-қизларга эсдалик совғалари топширилди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири