8-март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эҳтиром ва эътибор яна бир бор ўз ифодасини топди. Президент фармонига мувофиқ, турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи аёллар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Улар орасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тизимида фаолият юритаётган, Сирдарё вилояти Гулистон тумани Ахборот-кутубхона маркази директори Солиҳа Тўраеванинг “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланиши алоҳида эътиборга сазовордир.
Бугунги кунда ахборот макони мисли кўрилмаган даражада кенгайган, рақамли технологиялар ҳаётимизга чуқур кириб борган шароитда китоб мутолааси масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, китоб — инсон тафаккурини шакллантирувчи, уни мустақил фикрлашга, таҳлил қилишга ва ҳаётга онгли муносабат билдиришга ўргатадиган энг таъсирчан маънавий манбадир. Шу нуқтаи назардан қараганда, Солиҳа Тўраеванинг қарийб 34-йиллик фаолиятини жамият маънавий юксалишига қаратилган изчил ва самарали меҳнат намунаси сифатида баҳолаш мумкин.
– Бу соҳага кириб келишим болаликдан китобга бўлган қизиқишим, раҳматли отам Дўсан бобо ва онам Мукаррам момонинг қўллаб-қувватлови туфайли бўлган, – дейди у. – Ўрта мактабни тамомлагач, педагогика техникумида таҳсил олдим, 2006-йилда эса Гулистон давлат университетини касбий таълим йўналиши бўйича тамомладим. Меҳнат фаолиятимни эса 36 йил муқаддам Гулистон туманидаги “Қизилтонг”, ҳозирги Фурқат ва "Олтин водий" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5-сонли кутубхонадан бошлаганман. Кейинчалик Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тизимида фаолиятимни давом эттирдим. Вақт ҳақиқатан ҳам тез ўтади. Кутубхонашунослик соҳасида ишлаётганимга бу йил 34 йил тўлибди.
Унинг раҳбарлигида марказ фонди мунтазам равишда бойитилиб, ҳозирда 20 мингдан ортиқ бадиий, ижтимоий-сиёсий, болалар адабиёти, энсиклопедия ва луғатлар ҳамда жаҳон адабиёти асарлари жамланган. Шунингдек, 4500 дан ортиқ электрон китоблар фонди шакллантирилган. Марказда 20 нафар малакали ходим фаолият юритиб, замонавий ахборот ресурсларини жорий этиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва китобхонлар қамровини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Солиҳа опанинг ташаббуси билан 2023–2025 йилларда тумандаги тўртта маҳаллада кўчма кутубхоналар ташкил этилди. Бу чекка ҳудудларда яшовчи аҳолининг китоб ва ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди. Туман марказида очилган “Китоблар дунёси” номли китоб дўкони эса мутолаага қизиқишни ошириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
Директор ташаббуси билан ташкил этилган “Ўлкашунослик музейи” ҳам аҳамиятли маърифий масканга айланди. Музей фондида 6200 дан ортиқ тарихий манба ва экспонатлар жамланган бўлиб, улар ёшларда аждодлар меросига ҳурмат ва миллий қадриятларга садоқат туйғусини шакллантирмоқда.
– Сўнгги йилларда китобхонликни оммалаштиришга қаратилган “Китобхон маҳалла раиси”, “Китобхон маҳалла фаоли”, “Китобхон мактаб директори”, “Бир болага — беш китоб”, “Фарзандимга китоб совға қиламан” каби ижтимоий-маърифий лойиҳаларни йўлга қўйдик, – дейди Солиҳа Тўраева. – Бу ташаббуслар маҳаллаларда, таълим муассасалари ва оилаларда мутолаа муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Давра суҳбатлари ва учрашувлар эса ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошираётганидан мамнунман.
Унинг меҳнати эътироф қилиниб, 2010 йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 2021 йилда “Ахборот-кутубхона аълочиси” ҳамда “Ўзбекистон Конститутсиясининг 30-йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланди. “Соғлом авлод учун” ордени эса унинг кўп йиллик самарали фаолиятига берилган юксак баҳодир.
Солиҳа опа нафақат марказ раҳбари, балки фаол китоб тарғиботчиси ҳамдир. Жамоат ишларида фаол иштирок этиб, туман “Аёллар маърифати кенгаши” раиси сифатида маданий-маърифий тадбирларга бош-қош бўлиб келмоқда. Унинг нотиқлик маҳорати, ташкилотчилик қобилияти ва жамоани бир мақсад атрофида бирлаштира олиш салоҳияти амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини таъминламоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг бу эътибори нафақат менинг шахсий меҳнатимга, балки кутубхоначилик соҳасида фаолият юритаётган барча фидойи ходимлар меҳнатига берилган эътибордир, – дейди у. – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тақдирланганим унинг аҳамиятини янада оширади ва менга икки баробар масъулият юклайди.
Эътиборли жиҳати шундаки, у нафақат соҳа фидойиси, балки ибратли оиланинг меҳрибон аъзосидир. Турмуш ўртоғи фермер хўжалигида меҳнат қилади. Катта қизи Маҳфуза онасидан улгу олиб, кутубхоначи сифатида фаолият юритмоқда. Яна бир қизи Наргиза туман Оила ва хотин-қизлар бўлимида бош мутахассис, Комила ва Нодиралар таълим соҳасида фаолият кўрсатиб, ўқитувчилик касбини давом эттиришмоқда. Кичик қизи Жумагул эса Халқ банки бошқаруви ўринбосари лавозимида ишламоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири