Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китоб ва китобхонлик — инсон маънавияти кўзгуси
11:29 / 2022-06-03

Олмазор туманидаги “Қорасарой” маҳалла фуқаролар йиғинида бунёд этилган янги кутубхонада “Китоб ва китобхонлик — инсон маънавияти кўзгуси” мавзусида маънавий тадбир ўтказилди.

Унда олимлар, зиёлилар, болалар ёзувчилари, шоирлар, эл суйган санъаткорлар, нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар иштирок этди. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов ва Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Бегмат Очилов мамлакатимизда китобхонликка қаратилаётган эътибор, ёшларни китобга меҳрини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларга тўхталиб, бунга ёшларимиз ҳам муносиб жавоб қайтараётганликларини эътироф этди. 

Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан мазкур кўркам ва замонавий кутубхона фондига юзга яқин ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан иборат қарийб 1000 нусха бадиий китоблар совға қилинди. 

– Маҳалламизда 1160 та хонадонда 7 минг 607 нафар аҳоли вакиллари истиқомат қилади, – дейди маҳалла фаоли Нигора Холматова. – Шундан 2000 нафардан ортиғи 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролардир. Шу маҳалланинг бир вакили сифатида биз яшаётган гўшада кутубхона ташкил этилганидан жуда хурсандман. Энди фарзандларимиз бўш вақтларини унумли ўтказиб, фойдали машғулот билан банд бўлишади. Олмазор туманидаги ўтказилиши белгиланган бу каби маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари жорий йилнинг якунига 12 та йўналиш бўйича ташкил этилади. Шунингдек, 33 та турли маънавий-маърифий ва маданий тадбирга 20 мингдан ортиқ аҳоли қамраб олинади. Туманда ташкил этилаётган ҳар бир тадбир давомида аҳоли кайфиятини кўтариш, ҳудудда ижтимоий-маънавий ҳолатни янада яхшилаш, ёшларни миллий қадриятлар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Дилшод Ражаб ўз шеърларидан ўқиб берди. Шунингдек, зиёлилар, олимлар мамлакатимизда кезиб юрган янгиланиш нафаси, изчил ислоҳотлар ортида турган инсон манфаати, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳар бир юртдошимизнинг кўнглига кўчаётгани ҳақида алоҳида тўхталди. 

Д.Маматова,  ЎзА