Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китоб туманида аграр соҳада Республика семинари ўтказилди
15:06 / 2025-10-11

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида қишлоқ хўжалигида картошкачилик ва лимончиликни ривожлантиришга бағишланган Республика даражасидаги дала-ўқув семинари бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, республиканинг бир қатор туман ҳокимлари, илмий-тадқиқот институтлари олимлари, аграр соҳа мутахассислари, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари қатнашди.

Семинар иштирокчилари дастлаб туманнинг “Зарафшон” ҳудудида бўлиб, бу ерда “Миср тажрибаси” асосида ташкил этилган 5 гектар майдонда “Кара” нави G1 авлод уруғлик картошка етиштириш жараёнлари билан танишди. Шу муносабат билан “Юқори авлодли уруғлик картошка етиштириш бўйича дала-ўқув семинари” ташкил этилди.

Мутахассислар ва олимлар ҳосилдорликни ошириш, уруғлик материаллар сифатини яхшилаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва маҳаллийлаштириш масалалари бўйича амалий тавсиялар берди.

Семинарнинг кейинги қисми “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган “Баҳромбек Ихтиёр ўғли” фермер хўжалигида давом этди.

[gallery-25704]

Мазкур хўжаликда 10 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар барпо этилган бўлиб, уларда лимон, мандарин, апельсин ва ҳатто банан каби тропик мевалар етиштирилмоқда. Шу билан бирга, қатор ораларидан самарали фойдаланиш орқали полиз маҳсулотларидан ҳам юқори ҳосил олинмоқда.

Иссиқхоналарда замонавий томчилатиб суғориш ва автоматик пурковчи тизимлар жорий этилган. Бу сув ва минерал ўғит сарфини тежаш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда ҳосилдорликни ошириш имконини бермоқда.

Семинар давомида иштирокчилар Китоб туманида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, картошкачилик ва лимончилик соҳаларида илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, инновацион технологияларни амалиётга татбиқ қилиш юзасидан фикр алмашди.

Тадбир якунида соҳа мутахассислари томонидан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар илгари сурилди.

Маълумот учун, ушбу Республика дала-ўқув семинари Китоб туманида аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги изчил қадами бўлиб, фермерлар ва мутахассислар учун тажриба алмашиш, замонавий ечимларни ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш имкониятини яратди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),

 ЎзА мухбирлари