Сўнгги йилларда аҳоли ўртасида китобга бўлган қизиқишни рағбатлантириш ва тарғиб қилиш, китобхонлик маданиятини изчил шакллантириш, нашриёт ва матбаачилик соҳасини янада такомиллаштириш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича қилинаётган ишлар қамрови кенг. Мазкур ташаббус доирасида сўнгги икки йил мобайнида маҳаллий бюджетлардан 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ мақсадли ажратилиши ҳисобига 1 миллион нусхадан зиёд китоб маҳсулотлари харид қилиниб, мактаб кутубхоналари ҳамда бошқа идоравий кутубхоналарга етказиб берилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ҳамда Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбир китоб ва босма маҳсулотларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш тизимидаги мавжуд муаммоларга бағишланди.
Йиғилишда нашриёт-матбаа соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборотлар ҳам эшитилди.
Мамлакатимизнинг барча мактаб ўқувчилари ва ёш оилаларни қамраб оладиган анъанавий «Ёш китобхон» (учта ёш тоифасида) ҳамда «Ёш китобхон оила» республика танловларини ўтказиш йўлга қўйилди. 2019 йил октябрь ойида биринчи маротаба “Tashkent Book Fest” халқаро китоб кўргазма ярмаркаси ташкил этилиб, у ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Китобхонликка берилаётган эътибор туфайли сўнгги йилларда ўзбек ва жаҳон мумтоз бадиий адабиёти намуналарининг, илмий-оммабоп, энциклопедик, маънавий-маърифий йўналишлардаги нашрларнинг умумий китоб маҳсулотларидаги улуши ошди. Масалан, 2017 йилгача ўқув адабиётларидан ташқари китоб маҳсулотларининг улуши 25-30 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир мазкур кўрсаткич 40-45 фоизгача ўсди ва бу жараён давом этмоқда.
Тадбирда нашриётлар фаолиятида ҳануз мазмунан саёз, амалдаги стандарт талабларига мос келмайдиган, ҳатто айрим ҳолларда менталитетимизга ёт қарашларни ифода этувчи, ёшлар онгига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган китоблар ҳам нашр этилиши кузатилаётгани таъкидланди.
Бу борада Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўз ваколати доирасида доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Ноширлик ва матбаа маҳсулотларининг амалдаги қонунчилик, умумий техник регламент, давлат стандартлари талабларига мувофиқлиги ва мазмун-мундарижаси юзасидан агентлик доимий мониторинг ўтказиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича нашриёт-матбаа корхоналарига тегишли таъсир чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 2019-2021 йиллар давомида нашриёт-матбаа корхоналарига жами 166 та кўрсатма, тақдимнома ва огоҳлантириш хатлари киритилган.
Таҳлил қилинганда, китобларда асосан «Давлат тили ҳақида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилиши кузатилади.
Бу каби хато ва камчиликлар, қонунбузилиш ҳолатлари умумтаълим мактаблари дарсликларида ҳам учраётгани, бу бўйича тегишли чоралар кўрилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда бозорлар ва савдо шохобчаларида сотилаётган контрафакт ва ностандарт матбаа маҳсулотлари мониторинги хусусида ҳам маълумот берилди. Аниқланишича, энг кўп контрафакт ва ностандарт матбаа маҳсулотлари Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона вилоятларида сотувга чиқарилган. Мазкур контрафакт китоб маҳсулотларининг асосий қисмини умумтаълим мактабларига мўлжалланган ва сотуви тақиқланган дарсликлар ташкил этади.
Тадбирда қўшилган қиймат солиғи жорий этилишининг нашриёт-матбаа соҳаси ва китобхонликни ривожлантиришга таъсирининг ижтимоий-иқтисодий таҳлили, бу борадаги халқаро тажриба, соҳани кадрлар билан таъминлашнинг долзарб масалалари хусусида сўз юритилди.
Ўз ечимини кутаётган масалаларга таклифлар билдирилди. Хусусан, матбаа маҳсулотларининг сифатига қўйиладиган талабларни белгилайдиган ҳукумат қарорини ишлаб чиқиш, нашриёт-матбаа корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган тайёр китоб маҳсулотлари ҳамда китоб савдосига алоқадор тадбиркорлик субъектларини ҚҚСдан озод этиш каби муҳим таклифлар депутатлар иштирокида муҳокама қилинди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА