Муносабат

Жазони ўташ муассасасида ўтган ҳар бир кун маҳкум учун оғир синов. Аммо, энди бу кунлар маънавий ўзгариш, билим ва умид билан қисқариши мумкин. Яқинда қабул қилинган қонун маҳкумларга китоб мутолааси орқали жазо муддатини камайтириш имконини беради.
2026 йил 15 январда Президентимиз томонидан имзоланган қонунга биноан, Жиноят кодексининг 73-моддасига ўзгартиришлар киритилди. Янги тартибга мувофиқ, маҳкумлар маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган, белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидан китоблар ўқиши шарт. Ҳар бир ўқилган китоб учун жазо муддати уч кунга қисқартирилади, бироқ, йил давомида умумий қисқариш 30 кундан ошмаслиги лозим.
Китоб ҳақиқатан ўқилгани махсус комиссия томонидан аниқланади. Унинг таркибига жазони ижро этиш муассасаси ходимлари ва жамоатчилик вакиллари киради. Комиссия йилига камида икки марта йиғилиб, маҳкум билан суҳбат ва имтиҳон натижалари асосида хулоса чиқаради. Ушбу хулосанинг нусхаси прокурорга юборилади, маҳкумга имзо эвазига топширилади ҳамда ҳимоячига сўров асосида тақдим этилади. Агар хулоса ижобий бўлса, муассаса маъмурияти маҳкумнинг тузалиш йўлига ўтганини инобатга олиб, судга жазо муддатини қисқартириш ҳақида тақдимнома киритади. Якуний қарор эса фақат суд ваколатида қолади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур янгилик жазонинг тарбиявий аҳамиятини янада кучайтиради. Китоб мутолааси инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, хатоларини англашга ва жамиятга қайта мослашишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, такрорий жиноятларнинг олдини олишга ёрдам беради. Қонунчиликдаги яна бир муҳим янгилик маҳкумларга масофали видео-учрашув ҳуқуқининг берилишидир. Энди улар ўз шахсий маблағлари ҳисобидан 15 дақиқа давом этадиган бир марта видео-учрашув ёки телефон орқали сўзлашувдан фойдаланиш имконига эга.
Илгари эса бундай мулоқот фақат телефон орқали чекланган эди. Видео-учрашувлар маҳкумлар учун муҳим психологик қўллаб-қувватлов воситаси ҳисобланади. Оила аъзоларини кўриб, улар билан юзма-юз мулоқот қилиш инсонда масъулият ҳиссини оширади, келажакка ишонч уйғотади ва тузалишга бўлган интилишни кучайтиради. Хулоса қилиб айтганда, китоб орқали билим, видео-учрашув орқали меҳр-оқибат маҳкумни жамиятга қайтаришнинг энг самарали ва инсонпарвар йўлидир.
Жаҳонгир Валиев,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг
Наманган вилоятидаги минтақавий вакили.
ЎзА.