Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китоб – ўқувчи ва ўқитувчи қалбига маънавий нур
15:45 / 2020-11-12

Шу кунларда бутун мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари давом этяпти. Бу жараёнда айниқса ёзувчи, шоир ва адиблар фаол иштирок этмоқда.

12 ноябрь куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 2-умумтаълим мактаби кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Лазиз Раҳматов томонидан элликка яқин янги китоблар шодаси тақдим этилди.

– Китоблар пайдо бўлганига неча минг йиллар ўтган эса-да унинг инсон камолоти, тафаккури юксалиши ва ҳаёт йўлидаги қимматли ўрни ошса ошиб бораяптики, асло камайгани йўқ, – деди Лазиз Раҳматов. – Президентимизнинг ижод ва санъат аҳлини янада фаолликка чақириши, қучоқ очиб халқ ичига боришдек олийжаноб даъвати замирида энг олис ҳудудлардаги аҳоли вакилларигача кенг кўламли ислоҳотлар мазмунини таъсирчан тушунтириш ва уларга маънавий рағбат бериш мақсади мужассам. Шу маънода Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг бу жараёнларда дахлдорлик ва масъулият ҳисси, маърифий ва янгича ёндашуви катта аҳамиятга эгадир.

– Таълимнинг бош шарти ўқиш, ўқишнинг бош манбаси ҳеч шубҳасиз китобдир – дейди мактаб директори Наргиза Чоршанбиева. – Китоб билан дўст тутинган ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам фақат яхшиликка ошно бўлади, Ватанга садоқатли ва фидойи авлод бўлиб етишади. Ўз педагоглик тажрибамдан биламанки, китобхон ёшларнинг интеллектуал салоҳияти доим юксак, ҳаётга қараши бир томонлама эмас. Бундай ўқувчилар мактабни тугатгач ҳам ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишади. Шуни катта хурсандчилик билан айтаманки, янги тарғибот тадбирлари бу шунчаки шиорбозлик ёки дабдаба учун қилинаётгани йўқ. Муаллиф томонидан “Янги китоб” нашриётида кирилл ва лотин алифбосида чоп этилган 50га яқин китоблар тақдим этилиши бу эзгу интилишларнинг амалий ифодаси, мактабимиз учун ажойиб маънавий туҳфалар дурдонаси бўлди.

– Мен шу йилдан бошлаб бу мактабда инглиз тилидан сабоқлар бера бошладим. Тўғрисини айтишим керак, кутубхонага кирар эканман, янги адабиётларга камлигига гувоҳ бўлдим, - дейди инглиз тили ўқитувчиси Наргиза Раҳмонова. – Энг ёмони, ўтган йили китоб марафони ўтказилиб, 1119 дона китоб олинган бўлса, бу йил ҳеч қандай янги китоб келтирилмаган экан. Шунда бир аниқ натижа чиқармикан деб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси 1-ўринбосари Нодир Жонузоқ билан боғланиб, қандайдир кўмак кўрсатиш имкониятлари билан қизиқдим. Албатта, уюшма қўлдан келган ёрдамни кўрсатишга ваъда берган эди. Мана, “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари доирасида мана шундай туҳфа олганимиз мени хушнуд этди. Бундай хайрли ишлар давом этишига биз ёш устозлар қатъий ишонамиз ва илҳомланамиз .

- Кутубхонамизда уч мингта турли китоблар бўлиб, афсуски янги чиққан, айниқса замонавий адабиётларимиз кам эди, - дейди мактаб кутубхоначиси Дилором Ҳасанова - Қизиқувчан ёшларимиз ва фидойи ўқитувчиларимизнинг китобхонлик фаоллиги ва эҳтиёжларини бу қондиришга камлик қиларди албатта.

Кўплаб китоблар эртак ва журналлардан иборат бўлиб, баъзида ўқувчилар сўраган китобларни топиб беролмай хижолатда қолардик. Шоирларнинг шеърий тўпламлари ва ўқувчилар учун методик қўлланмалар кўпроқ бўлишини истаймиз.

Янги китоблар орасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, Марсель Брион ва Забиҳуллоҳ Мансурийнинг “Менким, Фотиҳ Темур” тандирдан чиққандай келган янги нашрлари борлигини бизни қувонтирди.

Бундан ташқари, мактабнинг китоб жавони жаҳоннинг ва юртимизнинг таниқли ва истеъдодли ёзувчи ва шоирлари Ги де Мопассан, Марио Пьюзо, Пауло Коэльо, Аброр Зоҳидов, Артур Конан Дойл, Жеймс Хейдли Чейз, Дейл Карнеги, Френк Бетжер, Владимир Кунин, шунингдек, Ҳаким Сатторий, Ортиқали Намозов, Лазиз Раҳматов, Ғойиб Назарнинг асарлари, қўлланмалари, турли халқлар адабиётлари, тил луғатлари, кимё, физика, адабиёт, математика фанларидан маълумотномалар жамланмалари билан бойиди.