Китоб ўқиш – ёшларнинг дунёқараши ва билим оламини кенгайтирадиган энг яхши одат. Шу боис, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ўтказилган тадбирда китобхонлик танловлари ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.
Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази томонидан ўтказилган “Китобхон ёшлар лигаси” онлайн танловининг 1-, 2- ва 3-мавсуми, “Илмий-оммабоп газета ва журналларда эълон қилинган энг яхши материал” ҳамда “Энг яхши эсселар” республика танловлари ғолиблари совриндор бўлди.

Тадбирни марказ директори Абдумалик Акрамов табрик сўзи билан очиб бериб, ғолибларга диплом ва статуэткаларни топширди.

Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бобур Бобомурод ҳам иштирок этиб, ўз ижодий чиқишлари орқали ёшларни қўллаб-қувватлашди.

Маросимда “Китобхон ёшлар лигаси” танловининг йил давомида ўтказилган 3 мавсуми ғолибларига ноутбук, смарт телевизор ва планшет каби қимматбаҳо совғалар ҳамда вазирликнинг диплом ва сертификатлари топширилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар орасидан омадли рақам эгалари аниқланиб, бадиий китоблар ҳамда “Мутолаа” иловасидан бепул фойдаланиш учун промокодлар топширилди.

Шу каби тадбирлар орқали китоб ўқишга меҳр қўйган ёшларни рағбатлантириш, эътироф этиш уларнинг билим олишга бўлган иштиёқини янада кучайтиришга туртки беради.
Н.Раҳмонова,
ЎзА