Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китоб нима учун ўқилади?
05:07 / 2024-01-25

Долзарб мавзу

Китоб, шак-шубҳасиз, инсоният томонидан яратилган буюк мўъжизалардан бири. Дарахт пўстлоғи ёки терига ёзиладими, қоғоз ёки сополга битиладими – башарият ривожига улкан ҳисса қўшган муқаддас китоблар, кейинги даврларда яратилган илмий ва бадиий китоблар, бугун урф бўлаётган электрон китоблар – барча-барчаси инсоннинг интеллектуал ва маънавий юксалишига хизмат қилади. Китоб мутолааси, китобхонлик эса ҳамма замонларда ҳам қадрланиб, эъзозланган анъаналардан.

Бугун юртимизда китобхонликка, хусусан, ёшларни китоб мутолаасига рағбатлантириш борасида тинимсиз ҳаракат олиб борилмоқда. Танловлар, акциялар, учрашувлар, тарғибот тадбирлари... Буларнинг замирида битта мақсад – аҳолини китобхонликка ўргатиш, унутилаёзган анъаналарни тиклаш ва илмга йўналтириш мужассамлиги барчамизга маълум. Зеро, илму маърифат, кенг дунёқараш, маънавий етуклик элу юрт тараққиётини, унинг тинчлиги ва фаровонлигини белгиловчи омиллардан бири саналади.

...Ўтган йил ёз ойлари эди. Қишлоққа бориб, қариндош-уруғ, ёр-дўстлар билан гурунглашдим. Бироз бўш пайтдан фойдаланиб, далаларга чиқдим. Болалигим ўтган гўшаларни айландим. Бирдан дала четларида, ариқ бўйларида, дарахтлар соясида мук тушиб китоб ўқиётган ёшларга кўзим тушди. Бири ўрик остида ўтирганча, яна бири тут соясида тўшак ёзволиб, яна бири тол остидаги сўрига ёнбошлаб китоб ўқишяпти! Ёнларига борганимни ҳам пайқашмади. “Воажаб! Бўлар экан-ку!” деб юбордим. Жазирама иссиқ, уйдаги димиқ ҳаводан қочиб даладаги майин шаббодада мутолаага берилишган эди улар. Қўлига китоб ушлаган ўндан ортиқ ёшнинг олдидан ўтарканман шаҳардаги шинам кутубхоналар, замонавий компьютерлар билан жиҳозланган ахборот-кутубхона марказлари, соя-салқин истироҳат боғлари, мутолаа учун қулай шарт-шароитлар кўз олдимдан ўтди.  

– Ўқишга кириш учун тайёрланяпман. Бу ер сокин, ҳеч ким ҳалақит бермайди. Кеча бошлаган китобимни тугаллаяпман, – дейди ўзини Жаҳонгир деб таништирган йигит.  

У ўқиётган китоб Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи эди – қисқагина суҳбат чоғида муқовасига кўзим тушиб қолди.

Лекин... Асар мавзуси ва ғояси, маърифатпарвар адибнинг бу асар орқали нима демоқчилиги-ю, умуман, бадиий асардан олинадиган завқ ҳақидаги савол-жавобларимиздан қониқмадим. “Айтдим-ку, олий таълимга кириш учун зарур бу китобларни ўқиш. Танлаган мутахассислигим бутунлай адабиётдан йироқ”, дея ўзини оқлашга тутинади суҳбатдошим...

Ўқувчилик йилларим эсимга тушади. Мактабимизнинг мўъжазгина кутубхонаси бўларди. Унча катта бўлмаса ҳам, ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдоналари, болалар адибларининг китоблари, детектив-саргузашт асарлар кўп эди. Уларни қўлма-қўл қилиб ўқирдик, бир-биримизга тушунганимизча айтиб бериб, таассуротларни ўртоқлашардик. “Тугатсанг, бирга кирамиз, мен оламан шу китобни” деб айтиб ҳам қўярдик бир-биримизга. Вазифаларни бажариб бўлиб, албатта, бадиий асар мутолаасига шўнғирдик. Кутубхоначи опа ҳам бошқача эди – ҳар гал ўқиб тугатган китобимизни топширгани кирсак, шу асар бўйича савол-жавоб қиларди. “Ундоқ эмас, мана бундоқ, яхши тушунмабсан ёки эътибор бериб ўқимабсан” деб гўё имтиҳон қиларди бизни. Кутубхонага китоб учун киришнинг ўзи катта масъулият юкларди зиммамизга. Адабиёт дарсларидан ташқари, Николай Носов, Роберт Стивенсон, Жек Лондон, Александр Дюма, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Абдулла Қаҳҳор каби номларни мактаб кутубхонасида таниганмиз, уларнинг асарларидан олам-олам завқ олганмиз. Худойберди Тўхтабоев ва Анвар Обиджоннинг болаларбоп ҳикоялари, қиссаларини ўқиганда кўзларга ёш келганини, бир муддат ўйга толганимизни, ҳаётнинг оқу қорасини танигандай, ўзимизни улғайган каби сезган онларимизни унутиб бўладими?! Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов сингари шоирларнинг шеърларини ёд олиб, кимўзарга айтишганимиз, шеърият оламининг ўзгача ҳавосидан олинган илк нафаслар, титроқ-ҳаяжонлар ҳамон юракларда, ахир! Яна бир жиҳати, китоблардаги образлар қаҳрамонимизга айланган. Улардек бўлиш мақсадимизга айлангани, тунлари билан китобнинг ҳар бир саҳифаси ёдга айлангани ҳам ҳақиқат. Дадам раҳматли Ҳамид Ғуломнинг “Мангулик” асари қаҳрамони Маъсуднинг исмини менга қўйгани ҳам китобнинг қудратидан далолат эмасми?!  

... Китобхонликни юксалтириш учун муҳит, шароит яратиш зарур, менимча. Балки таълим муассасаларидаги, туман ва вилоят марказларидаги кутубхоналар ҳақида тарғибот, реклама ишларини йўлга қўйиш, ҳар бир қишлоқ марказида жажжи кутубхона бунёд қилиш, уларнинг оталиғини бирор корхонага юклаш мумкиндир. Жойларда ташкил этилган “Зиё масканлари” фаолиятини изчил ўрганиб чиқиш ҳам керак. Чунки аксарияти озиқ-овқат дўконига айланиб кетган.  

Китобхонликни оммалаштиришда кутубхоначилар зиммасига катта масъулият юкланади. Улар фақат ҳисобот топширишу китоблар сақланишига жавобгар эмас, ўқувчи-талабаларни мутолаага қизиқтира олувчи, ўзи ҳам китобга меҳрли, фаол китобхон бўлиши керак.

Секторлар ва корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳам бу борада ўрнак кўрсатишлари керак. Ҳар бир ишхонада қулай ва кўзга кўринарли жойга китобхонлик бурчаги ташкил этиш жуда мушкул эмас-ку!  

Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида китобхонлик масаласига алоҳида тўхталиб, ҳудудларда биринчи раҳбарлар илм-фан, маънавият, таълим-тарбия учун масъул эканликларини таъкидлагани бежиз эмас. Шунингдек, давлатимиз раҳбари “Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини, эзгу ғояларни тараннум этишда ўзбек адабиёти бошқа маданият соҳалари учун ҳамиша мустаҳкам замин бўлиб келган”лигини эътироф этди. Жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш бўйича бошлаган ишлар давом эттирилиб, бу йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўпминг нусхаларда чоп этиш ва барча кутубхоналарга етказиб бериш чоралари кўрилиши, мамлакатимизда Халқаро болалар адабиёти кўргазмасини ташкил этиш, Интернет адабиётини ривожлантириш каби вазифалар белгиланди.

Оилада ҳам ота-оналар, катталар ўзи ўқиган китоб ҳақида ёш авлодга гапириб беришни одат қилиши муҳим. Фарзандлар нима ўқияпти, кимнинг қандай асарини мутолаа қиляпти? Бу билан қизиқишимиз, вақти келганда шу асар бўйича баҳс-мунозара қилишмиз керак. Айтмоқчи бўлганим – фақат имтиҳонлар ва танловлар учунгина ўқиш керак эмас китобни! Ёдлаш ёки хўжакўрсинга ўқилмайди бадиий асар! Зеро, адабиёт – тарих ва келажакни боғловчи кўприк, жамиятдаги иллатларни, йўл қўйилган хатоларни кўрсатиб берувчи ойнадир. Адабиёт – инсон ҳис-туйғуларини тарбияловчи восита, эзгулик ва яхшиликка ундовчи маёқдир. Инсон маънавиятини, ватанпарварлик, юртпарварлик хислатларини, дунёқарашини юксалтирувчи мураббийдир китоб!  

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА мухбири