1У-республика “Китобхонлик ҳафталиги”дан кейинги ўйлар
-“Жаҳон хазинаси”-икки юз томлик,
Навоий, Шекспир...Ҳаммаси бунда.
Ўқийсизми?-дея сўрар кўпчилик,
Китоб ўқимоққа имкон, вақт қайда?
Туроб Ниёз.
Дунёдаги машҳур олимлардан бири шундай деган эди: “Ҳаётдаги жамики ярамасликлар жоҳилликдан келиб чиқади. Жоҳилликнинг илдизи эса илмсизлик, яъни китоб ўқимаслик, маърифатдан йироқликдир.” А.Луначарскийнинг фикрича, китоб ўқимайдиган саводли одам нимага ҳам арзирди? Бундай киши яна такрор саводсизликка маҳкумдир. У.Теккерейнинг нуқтаи назари бундай: китоблар қалбни ёритади, инсонни юксакликка кўтаради ва кучига куч қўшади, унда энг яхши орзу-истакларни уйғотади, ақлни чархлайди ва юракни юмшатади. Чеховнинг уқдиришича, китоблар қаршисида жамики нарсалар нурсиз бўлиб қолади. Э.Лабуленинг хулосаси эса қуйидагича: тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади. А.Упитнинг эътирофи эса янада мароқли: китоб энг олис ва зимистон умр йўлларида инсонга нур бағишлаб турувчи сеҳрли чироқдир.
Демак китобни энг муқаддас маънавий неъматлардан бири, дейиш мумкинми? Муҳаммад Саллаллоҳу алайҳи вассаламга китоб нозил қилинганини эсдан чиқармаслигимиз керак эмасми?
Биласизми, бир куни бундай қарасам, автобус бекатларининг бирида таниқли шоирнинг китоби оёқ ости бўлиб ётипти! Юрагим эзилиб кетди. Ахир, муаллиф – истеъдодли ижодкор бу тўпламдаги шеърларни ёзиш учун қанчадан қанча тунларни бедор ўтказмаган! Агар шу асар бирор маърифатли инсон яшайдиган хонадонда турганида ўнлаб ёшларнинг қалбига маънавий озиқ берган бўлмасмиди? Китобнинг бундай хор бўлишини тасаввур ҳам қилмагандим. Аммо бугун машъум манзарани ўз кўзим билан кўриб турибман-ку!
Нега бундай аянчли аҳвол юз бераётир? Ахир қоғозни, китобни оёқ ости қилишни қаттиқ гуноҳ, деб билган мусулмонлар аждодларимиз эмасмиди? Нима учун бугунги озод ва обод Ватанда яшаб, айрим кишилар тубанлашиб кетди экан? Яқин йилларгача қўлдан қўлга ўтиб юрадиган, одамларнинг ақлини пешлайдиган, олам гўзалликларига ошно қиладиган неъматларга шу тахлит лоқайд муносабатда бўлиб қолишимизга сабаб нима?
...Яқинда Самарқандга борганимда бир танишимиз шаҳардаги дўкондан уч-тўртта қалин китоб харид қилганини кўриб қувониб кетдим.
– Маърифатга эътиборингиз яхши экан, – дедим жуда хурсанд бўлиб.
У эса худди бехосдан қалампир ютиб юборгандай афтини буриштирди.
– Тавба, менга зарил кептими китоб ўқиб? Шундай ҳам бошим қотиб юрибди ўзи. Писта сотадиган холамникига олиб бориб бераман, ўраб сотишга қоғоз қолмапти. Арзон экан булар, бир-икки ҳафтага етиб қолади.
Кўряпсизми, мана сизга олий маълумотли, бўйинбоғ таққан зиёли инсоннинг муносабати! У китоб ўқишни “Мияни беҳуда ғовлатиш, бошни чарчатиш” деб билганидан бирданига кайфиятим бузилиб кетди.
Яна бир мулоҳаза. Зўр яшаш, деганда нималар назарда тутилади ўзи? Бир дўстимнинг фикрича, бу яхши еб, яхши ичиш, чўнтак тўла пул бўлиши эмиш! Хўш, қорин ғамини ўйлашни фаровон ҳаёт кечириш омили, деб билиш тўғрими? Бошнинг эмас, ошқозоннинг ташвишини қилишнинг ўзи етарлимикан? Рисоладагидек турмуш кечириш учун моддий неъматлар қанчалик зарур бўлса, маънавий неъматлар ҳам шунчалик муҳим эканини нима учун гоҳида унутиб қўямиз? Балки, ҳаммаям шунақа фикрда эмасдир?
Баъзи ёшлар олий ўқув юртини битириб ҳам иш тополмай, тавсия этилган вазифани уддалай олмай юрганлигининг сабабларидан бири аввало билимсизлигида, бадиий асарларни, ҳатто дарсликларни дуруст ўқимагани, маънавий дунёси тор бўлиб қолаётганида эмасмикин?
Айрим ташкилот раҳбарларини биламан. Улар янги, ўқишни энди битириб келган ходимга иншо, диктант ёздириб кейин ишга қабул қилади.
Қишлоқларда китоб ўқиш учун имконият борми, китоб дўконлари-чи? Фикримча, вилоятларда, туманларда, ҳатто олис қишлоқларда “Шарқ зиёкори”, “Китоб олами” каби нуфузли маърифат масканларининг филиалларини янада кўпайтириш зарур. Ҳали миллиардлаб сўмлик китоблар нашриётларнинг омборларида, пойтахтдаги китоб дўконларида ўз ўқувчисини кутиб ётганлигини кўрсангиз юрагингиз ачишиб кетади.
Намангандаги баъзи туманларда китоб савдоси ҳам дуруст ташкил этилганлигини кўриб хурсанд бўлдим.Таниқли ижодкор Анорбой Олимовнинг айтишича, чекка Косонсой туманининг ўзида бир нечта китоб дўконлари ишлаб турибди.Аммо, Чортоқ туманида аҳвол қандай? Таниқли ёзувчи ва драматург Нурулла Аббосхон яхши ниятлар билан китоб дўкони очган эди.Энг муҳими, ёшлар бу ердан истаган бадиий асарни сотиб олишлари мумкин.Бироқ, адиб Нурулла Аббосхоннинг айтишига қараганда, айрим раҳбарлар китоб дўконини бузишга ҳаракат қилаётган эканлар! Эҳтимол, Чортоқ туман ҳокими Илҳомжон Сатторов бу масалани ҳал қилар?
Китоб дўконлари ҳақида гап кетганда Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида аҳвол дуруст эмаслиги ёдга тушади. Қачонгача маънавий қашшоқлик балоси бизни таъқиб этади? Ошқозон ғамини ейиш танага ҳузур-ҳаловат бахш этади, ақлга эмас. Ёшлар маънавиятга бой, тафаккури кенг инсонлар бўлиб етишишлари учун бадиий асар ўқиши,янги китоб дўконларини қуриш зарур эмасмикин? Яна бир муаммо. Илгари туманлардаги деярли ҳар бир қишлоқда китоб сотадиган дўкон бўларди. Ҳозир эса....
Яқинда Термиз шаҳрида жойлашган китоб дўконига кирдим. Авваллари бу маскан бадиий асарларга лиқ тўла эди. Бир йилдан кейин бориб, ёқамни ушладим. Дўкон деярли ҳувиллаб қолган? Янги китоблар олиб келинмаган.
Дўконда фақат бир харидор бор эди. У китобларни варақлаб кўраётир. Ярим соатлар “томоша” қилиб, ҳафсаламни пир қилди. Ҳеч нарса сотиб олмади.
Бир вақтлар Термиз шаҳрининг ўзида 5-6 жойда китоб дўкони фаолият кўрсатар эди. Эндиликда икки-учтагина дўконга харидор кирмайди.. Ёнгинасидаги озиқ-овқат, ароқ сотиладиган жойлардан одам аримайди.Бу ерда эса... Сотувчилар зерикиб кетганларидан пашша қўриб ўтиришади...
Сариосиёда журналист ва шоир Абдураим Раҳмоновнинг ташаббуси билан очилган дўконда китобга кизикувчиларни доимо учратасиз. Чунки бу ерда юзлаб янги нашр этилган бадиий ва илмий асарлар сотилаётир.
Ажойиб икки қаватли ”Китоб олами” қурган жонкуяр кишилардан бири Ислом Худойбердиевнинг дўконларида ҳам китоб савдоси яхши ташкил этилганини кўрганман. Ана шу дўкондаги бадиий асарларни тинмай мутолаа қилганликлари туфайли Денов туманида яшаётган юзлаб ёшлар олий ўқув юртларига ўқишга киришди. Бир нарса кишига таскин беради. Ҳамон китобга меҳр қўйган, Ислом Худойбердиев каби унинг тарғиботи ва савдоси билан машғул, бошқаларнинг хам маънавиятга бой ва маърифатли инсонлар бўлиб етишишига ҳисса қўшаётганлар оз эмас.
Баъзан фалон кишининг шахсий кутубхонасида 10 минг дона китоб бор эмиш, деган гапларни эшитиб қолар эдик. Эҳтимол бу масала бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган, хонадонларда шахсий кутубхоналарга эҳтиёж янада ортгандек...Шахсий кутубхоналарни маҳалла кутубхоналарига айлантираётганлар ҳам оз эмаслигидан хурсанд бўласиз. Музробод туманида раҳматли таниқли ўқитувчи Дўстқобил Қодиров ташкил этган шахсий кутубхонадан айни пайтда Сурхондарё вилоятидаги минглаб кишилар баҳраманд бўлаётганликлари ниҳоятда қувонарли ҳолдир.
Ҳатто мактабгача таълим муассасаларида ҳам ихчам кутубхоналар ташкил этилса айни муддао бўлур эди. Болаларда боғча ёшидаёқ, билим масканида ўқиб юрган дамларидан бошлаб китобга қизиқиш уйғотиш керак. Ҳатто юртимиздаги мусиқа ва санъат мактаблари номини “Мусиқа, адабиёт ва санъат” мактаблари деб ўзгартирилса мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Сурхондарёдаги таълим муассасаларининг кўпчилигида кутубхоналар ташвишли аҳволда. Асосан дарсликлар бор, бадиий асарлар эса жуда кам. Ўқувчи янги шеърий китоб ёки янги чиққан қисса ва романни ўқиш учун қаерга борсин? Коллеж, техникумлардаги кутубхоналардаям китоблар оз.
Энди айрим таклифларни айтишнинг мавриди келди. Аввало, олий ва ўрта махсус ўқув юртларига киришда иншо ёзишни жорий этиш керак. Ҳатто ўрта мактабларда ҳам она тили ва адабиёти фанини ўқитишдаги бу ажойиб усулдан воз кечиб юборилган эди.Энди уни тиклаш керак.Мактабларда ва олий ўқув юртларида китоб мутолааси фанини ўқитишни йўлга қўйиш зарур.Ўзингиз ўйлаб кўринг, бадиий асар мутолаа қилмаган ўқувчи ёки талаба иншони қандай ёзади? Фикрлаш қобилияти қандай қилиб ўсади?
Яна бир масала. Бюджет ташкилотларида, бошқа айрим корхона ва ташкилотларда ҳар икки-уч йилда ходимнинг вазифани уддалаши, раҳбарнинг уқуви ва билими бўйича аттестациялар ўтказилаётир. Ана шу тадбирда мутахассис ёки раҳбарнинг қандай бадиий китоб ўқиганлиги синаб кўрилса-чи? Шу хусусда махсус саволларга жавоб беришига тўғри келса-чи?
Яна бир таклиф.Кутубхоналарнинг кўпчилиги жойларда номигагина фаолият кўрсатаётир. Аввало, китоб фонди кам. Юзтага яқин эски бадиий асар тахлаб қўйилган билим масканларини кўриб ҳайрон қолдим. Иккинчидан, кутубхоналарда турли тадбирлар, адабий кечалар, шоир ва адиблар билан учрашувлар, китобхонлар конференцияларини ўтказиб туриш керак.Ижодкорларнинг давра суҳбатларини ташкил этиш зарур.
Китобхонга тилагим шуки, чиройли муқовалардаги дуч келган асарни эмас, талантли ижодкорларнинг сара китобларини ўқиб, уқиб олишга интилиш ҳеч қачон зарар қилмайди.
Инсон бадиий асарни нега ўқийди? Яхши китоб худди шифобахш гиёҳдай гап. У инсоннинг жисминигина эмас, ҳатто руҳини ҳам даволайди, унинг қалби жароҳатларига шифо бўла олади.
Бир дўстимиз шундай деган эдилар.
– Ҳаёт ташвишларидан қийналиб, бошимга мушкул тушганида беихтиёр жавондаги дуч келган китобга қўл чўздим. Лев Толстойнинг “Анна Каренина” романи экан. Ҳеч ухламасдан бир кечада ўқиб чиқдим. Эртасига худди шифохонада даволаниб, ўн кун укол олгандай соппа-соғ бўлиб кетдим. Юрагимда чўкиб ётган дардлар қаёққа кетганини билмай қолдим. Демак, яхши китоб худди машҳур табиб, доктор каби инсонга шифо бахш этар экан!
Лекин, ўқувчининг дидига ҳам боғлиқ. Айримлар бадиийликдан анча йироқ, олди-қочди, фаҳш ва ур-йиқит баён этилган чучмал “асар”ларга ўч бўлади. Бу – ҳақиқий олтин билан сохтасининг фарқига бормагандек гап.
Жаҳон адабиёти классикларининг шундай нодир намуналари борки, уларни ўқиб севинасиз. Эрнест Хемингуэй, Фолькнер, Михаил Шолохов, Ойбек, Одил Ёқубов, Валентин Распутин,Василий Шукшин, Нодар Думбадзе, Анор, Тоғай Мурод, Улуғбек Эсдавлат, Низом Қосим китоблари бадиий жиҳатдан мақтовга лойиқ. Ўқиган сайин ўқигинг келаверади.Нега? Уларда аввало романга хос тафаккур, асарларида дард борлиги, умумбашарий ғоялар илгари сурилганлиги диққатингизни жалб этади. Иккинчидан, ҳаётий конфликтлар, драматизм, коллизиялар, конфликт таранглиги асарлар қизиқарлилигини таъмин этган.
Жейн Аустин шундай дейди: “Яхши китоб ўқиб лаззатланмаган инсонни у хоҳ эркак ёки аёл бўлсин, соғлом дейиш хато.”
Марк Твен: “Маънан етук китобларни танлаб ўқи. Акс ҳолда, бир даста қоғоз ҳаётингни заҳарлаши мумкин”.
Энди Борхеснинг сўзларини эшитинг:
“Мен доимо жаннат кутубхонага ўхшаган жой бўлса керак, – деб ўйлайман”.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири