Янги китоблар
Азал-азалдан китобни халқимиз қадрлаган, уни асраб- авайлаган. Чунки китоб инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган бебаҳо воситалардан бири ҳисобланади.
Юртимизда Президентимиз ташаббуси билан китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш янги босқичга олиб чиқилди.
Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб келмоқда.
Сўнгги йилларда китоб нашр қилиш, нодир асарларнинг таржима намуналарини яратиш, уларни чоп этиш, бу орқали халқимизга зиё тарқатиш, китобларни муассасаларга беғараз улашиш корхонада анъанага айланиб боряпти.
Биргина 2017-2023 йилларда комбинат ташаббуси билан турли тилларда нашр этилган 40 дан ортиқ илмий-техникавий, бадиий, публицистик китоблар, ўқув қўлланмалар, таржима асарлар, китоб-альбомлар нашрдан чиқарилди.
Яқинда комбинат яна бир хайрли ишга қўл урди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими, техника фанлари доктори, профессор Қувондиқ Санақулов таҳрири остида “Справочник вредные вещества их классификация и общие требования безопасности” китоби нашр этилди. Бу ташаббус кимёгарлар, кимёгар-технологлар, металлурглар, қолаверса, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари, ёш мутахассислар учун муҳим қўлланма бўлиши табиий.
– Ҳар қандай китоб инсон тафаккури, истеъдоди билан яралади, – дейди “НКМК” АЖ Янги технологияларни жорий этиш бўйича инновация маркази бошлиғи ўринбосари Улуғбек Шарафутдинов. – Унинг ўқишлилиги муаллиф ва муҳаррир, дизайни ҳамда безакланиши эса ношир маҳоратига боғлиқ. Буни амалга ошириш осон эмас. Вақт, изланиш, юксак салоҳият талаб этади. Пишиқ-пухта, маҳорат билан ёзилган ҳар қандай асар тез оммалашади, ўқувчисини топади, ҳеч қачон қадр-қимматини йўқотмайди. Юқорида келтирилган қўлланмани илм-фан мулкининг худди шундай жавоҳирларидан бири, дейиш мумкин. Етти юз етмиш олти бетдан иборат ва минг нусхада чоп этилган бу китобни яратишда мамлакатимизнинг тиббиёт, кимё, биология, геология, техника соҳаларининг 35 нафар таниқли олими, тажрибали муҳаррир ва мусаҳҳиҳлари иштирок этди. Илмий аҳамиятга эга бу қўлланма китобхонни фикрлашга, унда келтирилган кимёвий элементларнинг хусусиятларини чуқур ва тўғри идрок этишга, илм сирларини тўла англашга катта имконият яратади.
Энг қувонарлиси, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, комбинат томонидан нашр этилаётган ҳар бир китобдан кутубхоналар, вазирлик ва идоралар, олий таълим ва илмий муассасалар, олим ва тадқиқотчиларга беғараз ҳомийлик сифатида туҳфа этилмоқда. Жумладан, “Справочник вредные вещества их классификация и общие требования безопасности” китоби ҳам 77 та олий ўқув юрти, Фанлар академияси ва унинг 12 та бўлими ҳамда институтлари, 17 та кутубхона, 14 та вазирлик, идора ва корхона, шунингдек, олим ва тадқиқотчилар, комбинатнинг ҳар бир бўлинмаларига бепул тарқатилди.
“Буюк ихтироларнинг сеҳрли олами”, “Ўзбекистонда кон-металлургия тарихи”, “Вақт – умуминсоний қадрият”, “Янги истиқболлар сари”, “Космопланетар олам ва ер жараёнлари ҳақида”, “Янгиланаётган Ўзбекистон: Навоий кон-металлургия комбинатининг янги тарихи”, “Металл ва менералларнинг шифобахш хусусиятлари”, “История горной металлургии Узбекистана”, “Strategy of the long-term development of the Kyzylkum region” ва бошқа асарлар комбинат тизимидаги илм-фан фидоийларининг ижод намуналаридир.
Шунингдек, кейинги йилларда чоп этилган “Кенгликлар сурури”, “Уйғоқ хотиралар”, “Зомин илҳомлари”, “Меҳнатидан қадр топганлар” каби тўпламлар, “Умр довонлари”, “Йиллар менинг тақдиримда”, “Ҳаёт чорраҳаларида”, “Умр солномаси” ва бошқа публицистик асарлар ҳам китобхонлар қалбидан жой олиб улгурди.
Бу ишларнинг ортида катта заҳмат, меҳнат ётганлигини ҳар қандай зукко ўқувчи яхши билади. Чунки бу каби китоблар одамларни фақат яхшиликка етаклайди, билимини оширишга хизмат қилади. Унутмаслик керакки, ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар камолотида китобдан яхшироқ восита йўқ ва унинг таъсирчанлиги ҳам шундадир.
Мухтасар айтганда, китоб чиқариш, зиё тарқатиш бундан буён ҳам комбинат жамоасининг бош мақсадларидан бири бўлиб қолаверади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири