Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китоб графикасига мансуб картиналар кўргазмаси
13:36 / 2024-05-10

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг “Графика шўъбаси” ҳисобот кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Экспозицияда намойиш этилган ишларда графиканинг турли техникалари, жумладан, офорт, автолитография, линографюра, гравюра, сувбўёқ, кўмир, пастель, тушь ҳамда аралаш техника қўлланилган. Бундан ташқари, ишлар турли жанрлар, хусусан, манзара, натюморт, маиший, тарихий ҳамда эркин жанрда чизилган. Баъзи картиналар биргина қора ёки жигар рангдан шакллантирилган бўлишига қарамасдан, рассом графиканинг техник имкониятларидан устамонлик билан фойдаланганлигини кўрсатиб туради.  

Намойиш этилган картиналар орасида айнан китоб графикасига мансуб картиналар ҳам мавжуд. Улар орасида Э.Нурмановнинг “Болалигим – пошшолигим”, “Рангли қорлар”, А.Донецнинг  “Сеҳрли узумлар”, Т.Лининг “Ўзбекистон-Корея – турмуш тарзи ўхшашликлари”, Л.Башарованинг “Ибтидо. Эврилиш – 1,2,3”, М.Юсупованинг “Рустамхон”, “Амир Темур. Ипак элчилари”, Н.Шариповнинг “Тут терими” сингари ишларини китоблар мазмунини янада бойитадиган, ажойиб тасвирий санъат асарлари дейиш мумкин.  

Экспозиция марказида намойиш этилган Л.Ибрагимовнинг “Сўзана”, “Сой бўйида” график асарлари  устознинг дастлабки ижоди махсулларидан бўлиб, улар графика йўналишида ишлаётган ва уни ўрганаётганлар учун катта сабоқ бўлади.  Ҳ.Содиқовнинг пастель техникасида ишланган портретлари эса алоҳида эътиборга молик.

Шунингдек, кўргазмада А.Баҳромов, Н.Ҳакимов, Ф.Қобиловнинг бугунги куннинг глобал муаммолари, инсониятни огоҳликка чақирувчи, билимга, изланишга ундовчи қатор плакатлар ҳам намойиш этилди. Уларда ранглар, маълум бир унсурлар ёки предметларга ҳатто инсонлар образига рамзий маъно юклатилган. Бу эса рассомдан нафакат санъатни, сиёсат ва нафосат оламини ҳам билишни, теран зеҳнни талаб этади.  

 

Гулноза Бобоева,ЎзА