Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида мазкур муаззам масканда қад ростлаган адиб ва шоирлар ҳайкалига бириктирилган олий ўқув юртларига бадиий адабиётлар тўпламини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирга ёзувчи ва шоирлар, устозлар, талаба ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан китобхонлик тарғиботи тизимли, юксак савияда олиб борилаётгани, бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар бошқа мамлакатлар учун ҳам ибрат олишга арзигулик эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, пойтахт марказида қад ростлаган Адиблар хиёбони ёшларни миллий адабиётимизга ошно этишда, талабаларнинг улуғ ижодкорларнинг адабий меросидан баҳраманд бўлишида муҳим маърифий масканга айланди.
[gallery-8965]
Адабий мулоқотлар, шеърхонлик кечалари, баҳру баёт тадбирлари, адабиёт байрамлари олий ўқув юртларининг маънавий ҳаётида, китобхонлик маданиятининг янада кучайишида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
– Бизнинг олий ўқув юртимиз ҳам 400 донадан бадиий адабиётлар тўпламини олди, – деди Тошкент давлат транспорт университети талабалар кенгаши етакчиси Элдор Мустафоев. – Университетимиз Мақсуд Шайхзода ижодини ўрганишга бириктирилган. Ушбу адабиётлар тўплами тенгдошларимнинг китобга бўлган ҳурматини янада оширишга, кутубхонамиз фондини бойитишга хизмат қилади.
Тадбирда пойтахтимиздаги 25 та олий таълим даргоҳига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган жами 10 минг дона китоб тақдим этилди.
Назокат Усмонова,
Аъло Абдуллаев (сурат)
ЎзА мухбири