Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Президент мактабида китобхонликни тарғиб этиш ва ёшларни маънавий жиҳатдан бойитиш мақсадида "Фарзандимга янги китоб совға қиламан!" шиори остида китоб ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбир мактаб жамоаси, ота-оналар ва ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ярмаркада бадиий асарлар, илмий-оммабоп нашрлар ҳамда болалар учун махсус чоп этилган қизиқарли китоблар намойиш этилди.

– Китоб боланинг қалбига қуёшдай нур сочади. – дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шоҳиста Намозова. – Фарзандига китоб совға қилган ота-она унга билим ва маънавий бойлик инъом этади.
Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ярмаркадан олган таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Масалан, Исмоил Худоёровнинг отаси Ҳамза Худоёров болалигида китоб орқали ҳаётий йўлини топганини эслади. У Нобел мукофоти соҳиби, швециялик Астрид Линдгреннинг 1988 йилда ўзбек тилига таржима қилинган “Миттивой ва Карлсон”, француз адабиёти намоёндаси, илмий-фантастика жанри асосчиларидан бири Жюль Верннинг “Ўн беш ёшли капитан”, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг “Ун саккизга кирмаган ким бор?”, “Динозавр” асарлари, халқ шоири Анвар Обиджоннинг “Паҳлавоннинг ўғирланиши”, “Рамазон ва Гулмат ҳангомаси”, “Мешполвоннинг жанглари”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими”, “Беш болали йигитча”, “Қасоскорнинг олтин боши”, “Сеҳргарлар жанги ёки Ширин қовунлар мамлакатида” каби асарларини қизиқиш билан мутолаа қилганини айтиб ўтди.

– Бугун ўғлимга ҳам шундай китоблар совға қилдим. Ишонаманки, улар унинг маънавий камол топишида йўлдош бўлади, – деди у ғурур билан.
5 - синф ўқувчиси Шаҳло Эргашева эса онаси Меҳрибон Алибекова билан бирга инглиз тилини ўргатувчи китоб харид қилди. — Мен хорижий тилларга қизиқаман. Бу китоб нутқимни равон қилиб, луғат бойлигимни оширади, — дея самимий қувончини баён этди у.

Ярмарка жараёнида ота-оналар ва фарзандлар биргаликда китоб танлаб, самимий мулоқот қилишди.
Маълумки, мамлакатимизда китобхонликни ошириш, ёшларни маънавий қўллаб-қувватлаш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президент ташаббуси билан китоб маҳсулотларини кўпайтириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган дастурлар айнан шундай тадбирларда ўз ифодасини топмоқда.
Китоб фарзанд учун энг буюк совға. У орқали ёшлар билимга эришади, орзу ва мақсадларига етакловчи қанот топади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири