Қашқадарёнинг саховатли заминида етиштирилган мева ва сабзавотлар ўзгача таъми билан ажралиб туради. Қуёшнинг беминнат заррин нурлари остида етилиб пишган бундай маҳсулотлар нафақат ички бозорларда, балки хорижда ҳам машҳур.
Масалан, анорчилик вилоятнинг барча туманларида яхши ривожланган. Айниқса, Китоб туманининг салқин об-ҳавоси, дарё ва булоқлардан келувчи ширин суви ҳамда унумдор тупроғи анор дарахтларининг баравж ўсиши, мевасининг сифатли бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Буни яхши англаган китоблик боғбонлар анорчиликда ўзига хос мактаб яратиб, нафақат юртимиздаги озиқ-овқат бозорларига сифатли анор маҳсулотларини етказиб бермоқда, балки хорижга ҳам экспорт қилмоқда.
Маълумотларга кўра, туманда жами 9 минг 160 гектар боғ бўлиб, шундан 5 минг 691 гектари токзор, 767 гектари анорзорларни ташкил этади. Йилига 3 минг тонна атрофида анор маҳсулоти экспорт қилинади.
Ҳудуддаги Варганза анорчилиги ҳақида кўп бора ёзганмиз. Бу гал туманнинг “Пахтаобод” МФЙга қарашли Бештерак қишлоғида фаолият юритаётган тажрибали анорчилар ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Мазкур маҳалладаги деярли ҳар бир хонадонда анорзорлар бор.
Мана шундай тажрибали боғбонлардан бири Жамол бобо Мухторов. Айни пайтда беш гектар майдонда деҳқон хўжалиги ташкил қилиб, анор етиштирмоқда. Боғбоннинг куни эрта тонгдан анорзорларни айланишдан бошланади. Ҳақиқий роҳат машаққатли меҳнат ортидан келади, дейди боғбон.
[gallery-19583]
– Анор етиштириш, тинимсиз меҳнатни талаб этади, – дейди Жамол бобо. – Боиси йилда икки марта баҳорда ва кузда тагини беллаш керак. Паразитларга қарши дорилаш, ортиқча меваларини чилпиш ва, албатта, кеч кузда кўмиш лозим. Анор сувсевар ўсимлик, вегетация даврида 8-10 мартагача суғориш, маҳаллий ўғит билан озиқлантириш керак. Бу эса тинимсиз меҳнатни талаб қилади. Шундагина кутилган ҳосилни оласиз. Яхши меҳнат қилинса, роҳати ҳам шунга яраша бўлади.
Боғбоннинг айтишича, айни пайтда анорзорда пўсти юпқа ва қалин 4-5 хил навли анор дарахтлари парваришланмоқда. Ўтган йили 10 тонна ҳосил олинган бўлса, жорий йилда 15 тонна анор олишни мўлжаллашмоқда.
– Анор дарахти йил ўтган сайин кучга тўлади, – дейди Ж.Мухторов. – Асосан 5-6 ёшдан бошлаб мўл ҳосил бера бошлайди. Шунинг учун дарахтни совуққа олдириб қўймаслик жуда муҳим. Бир марта совуқ ўрса, яна 4-5 йил кутишга тўғри келади. Анор кўчатларимиз 5 ёшга тўлган ва шу йилдан яхши ҳосилга кириб бошлади.
– Анорчиликдан қанча даромад оласиз агар сир бўлмаса, сўраймиз ундан.
– Меҳнатга яраша, роҳати ҳам бор, – дейди боғбон. – Анорнинг варганза, даштнобод, оқпишар, шириндона навларидан экканмиз. Масалан, ўтган йили 10 тонна ҳосил олганмиз. Бу йил 15 тонна атрофида ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Бундан ташқари бир гектар нашватизоримиз ҳам бор. У ҳам яхши ҳосил беради. Энди бозор нархига қараб даромадни чамалайверасизда. Бизга боғбончилик бобомерос, шунинг ортидан турмушимиз фаровон, рўзғор обод. Орзу- ҳавасларни амалга оширяпмиз. Бирорта фарзандимни хорижга ишга жўнатганим йўқ. Мана шу ерда боғбончилик қилади. Рўзғорини тебратади.
Бештераклик боғбонлар анорларнинг юпқа пўстлигини терибоқ сотишади. Қалин пўстлигини баҳоргача сақлаб, асосан экспортга йўналтиради. Полиэтилен пакетларга ҳар бир донасини алоҳида солиб махсус омборда сақлашади.
Серсув ва йирик-йирик анор меваларини кўтаролмай қолган шохлар эгилиб қолган. Анорни бундай сифатли етиштириш сирларини деҳқондан сўраймиз.
– Анор учун энг муҳим озуқа маҳаллий ўғитдир, – дейди боғбоннинг ўғли Жаҳонгир Мухторов. – Уйда чорвамиз ҳам бор. Улардан чиққан порини махсус ямада компас қиламиз ва баҳорда анорларнинг тагини юмшатишдан олдин соламиз. Поридан қанча кўп берилса, анор меваси шунча катта бўлади. Бундан ташқари, кечки гулларини чилпиш ҳам муҳим тадбирлардан. Анор асосан май ойида гуллайди. Мана шу ойдаги гулларини ҳосилга қолдирамиз. Кейинги ойлардаги гулларини узиб ташлаймиз. Йўқса, дарахт меваси кўпайиб кетиб, етиштира олмай қолади.
Албатта, бундай анорлар харидоргир бўлади. Ушбу қишлоқ боғбонлари маҳсулотини бозорга ҳам олиб бормайди. Чунки терим мавсуми бошланди дегунча улгуржи харидорларнинг қадами узилмайди қишлоқдан.
Албатта, саховатли заминимизда қўли гул боғбону деҳқонлар томонидан етиштирилган бу каби сархил мевалар бозорларимиз тўкинлигида, дастурхонларимиз бутлигида муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари