Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ орқали Эрон ҳудудида, гўёки, "кислотали булутлар" ҳосил бўлгани ва ушбу ҳодиса Марказий Осиёга ёмғир бўлиб келиши ҳақида асоссиз хабарлар тарқалмоқда. Гидрометеорология хизмати бундай маълумот илмий асосланмаганини таъкидлаган.
Маълум қилинишича, кислотали ёмғир ҳавода олтингугурт ва азот оксиди (СО₂ ва НОₓ) жуда кўп тўпланиши ва буғ билан кимёвий реакцияга киришишидан ҳосил бўлади. Айни ҳолат фақат йирик саноат марказларига яқин ҳудудларда юз бериши мумкин. Ҳавони ифлослантирувчи моддалар узоққа тарқалганда шамол ва тик ҳаво оқими таъсирида сўрилиб кетади. Яъни минглаб километр масофада жойлашган бошқа давлат ҳудудига "кислотали булут" сифатида етиб бориши амалда мумкин эмас. Ёғингарчилик эса асосан муайян ҳудуддаги буғ ва аэрозол ҳисобига юзага келади. Узоқ давлатлардан тайёр "заҳарли булут" кўчиб келиши метеорологик жиҳатдан мантиқсиздир.
Демак, ҳозир Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳудудига кислотали булут ёпирилиши билан боғлиқ ҳеч қандай хавф мавжуд эмас. Об-ҳаво мониторинги ва ҳаво сифати назорати эҳтимолий ғайри табиий ўзгаришларни қайд этмаган.
Ф. Яхшибоева, ЎзА