Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кириш қўнғироқлари жарангламади, лек сабоқлар давом этади...
19:50 / 2020-04-06

Фарзандларимиз таълими учун фақат ўқитувчи масъул ва жавобгар деган, бир томонлама қараш қанчалик нотўғри эканлигини реалликнинг ўзи тасдиқламоқда.


Мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёевнинг куни-кеча халқимизга қилган мурожаатида энг муҳим масалалар қаторида фарзандларимизнинг вақтни бекор ўтказмасдан, онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштириши, китоб ўқиши, бадантарбия ва бошқа машқларни бир кун ҳам қолдирмасдан бажариши зарурлиги ҳақида ҳам алоҳида мулоҳаза юритилди.

Сайёрамизда коронавирус хавфи-хатари ўсиб бораётган мураккаб шароитида 60га яқин давлатда ярим миллиард болажонлар таҳсил олаётган мактаблар тўлиқ ёпилди ва аксарият ҳукуматлар таълимни давом эттириш бобида чорасиз қолмоқда.

Аммо Ўзбекистонда кўрилган тезкор тадбирлар ва пухта тайёргарлик сабабли таълим олиш жараёнининг узлуксизлигини таъминлашга эришилди. Юртимизда тўртинчи чоракда мактабларда қўнғироқ садолари чалинмади. Бироқ, тарихимизда илк маротаба ялпи масофадан туриб ўқитиш ишлари бошланди ва изчил давом эттирилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти саъй-ҳаракатлари билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида биринчи маротаба учта тилда яъни ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида телевидение орқали видеодарслар олиб бориш йўлга қўйилди.

Телестудиялар жуда намунавий қилиб, чиройли жиҳозланган. Уларда юқори профессионал педагоглар, салоҳиятли ва ҳар томонлама малакали устозлар дарсларни олиб бормоқда. Ҳатто, сурдо таржимонларга қадар жалб қилинган. Ота-оналарни қизиқтирган барча саволларга янгиликлар дастурлари ва бошқа теледастурлар орқали бевосита халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, унинг ўринбосарлари ва матбуот котиби мунтазам хабардор этиб бормоқда.

Onlayn-maktab расмий канали орқали ҳар куни ўқувчилар учун эфирга узатиладиган телевизион дарслар жадвали тезкорлик билан бериб борилаяпти. Турли сабабларга кўра, 1-11 синф ўқувчилари учун телевизион онлайн дарсларни кўролмай қолганлар учун улар такрор эфирга узатилмоқда. Қолаверса, уни ҳам кўролмаганлар учун расмий телеграмм канали ичида махсус иловалар орқали, ёзиб олинган дарслар жойлаштириб борилмоқда.

Ўтган бир ҳафта давомида диёримиздаги 6 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчилари учун 1300га яқин видеодарслар тақдим этилди. Бу нафақат ўқувчилар учун, балки мураббийларга ҳам дарс жараёнида унумли фойдаланиш учун яхши видеобаза бўлиб хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари “Kitob uz”​ сайтидан аудиокитобларни юклаб олиш ва дарс дастурларида қўллаш учун қўшимча маълумотларни топиш мумкин бўлса, “Eduportal uz”, “Edumarket uz”​ орқали мустақил билимларни ошириш учун катта материаллар мавжуд. “Tas.eks”​ миллий ва “Ютуб” глобал тармоқларида ҳам сабоқларни бемалол кузатиб бориш мумкин.

Қолаверса, уйда фарзанди билан биргаликда дарс тайёрлаётган ота-оналарни доимий рағбатлантириш ва таълим даврини мазмунли ўтказиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги алоҳида танловлар эълон қилиб бораётгани айн эътиборга молик.

Тўғри, кутилмаган шароитда кўплаб ўзига хосликлар ва ноанъанавий вазиятлар юзага чиқмоқда, аммо биз ўқитувчилар дарс олиш сифатини такомиллаштириб бораверамиз, янгиликларни ўзлаштириб, катта тажриба орттирамиз.

Ишни ташкил этиш бўйича индивидуал “Йўл харитаси” тузиб олиб, ҳар бир синф ва ҳар бир ўқувчи билан вертуал тарзда алоҳида ишлаш механизмини ташкил этишга уриняпмиз. Биргина менда 3-7 синфларда 150 нафар ўқувчим бор. Ҳар бир ўқувчи бажарган дарсларини суратга олиб, телеграмм канали орқали юборади. Уларнинг ҳар бири билан телефон ёки телеграмм канали орқали савол-жавоб қиламан, биринчи галда видеодарсни кўрган-кўрмаганини сўрайман.

Дарсларни тарғиб этиш ва назорат жараёнида болаларни инновацион ва ижодий, креатив ёндашув муҳитини туғдиришга эришишга катта аҳамият қаратаяпмиз. Ўқитувчиларнинг барчаси “Kundalik kom”​ тизими орқали баҳолаб борилаяпти.

Аълочи болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбат кўрсатиш, оқсаётганлари ва ўзлаштира олмаётганларини қалбига озор бермаган ҳолда бироқ қаттиққўллик билан уларни фаолликка ундаш ниҳоятда зарурдир.

Шу билан бирга ўзимиз ҳам устимизда тинимсиз ишлаш, видео ва расмли материаллардан кўпроқ фойдаланиш, смартфон ва комьпютер дастурларини, интернетнинг серқирра имкониятларини яхшироқ ўзлаштиришимизга тўғри келмоқда. Журналистлар, ҳозирда муҳаррирлар, дастурчилар билан ўқитувчиларнинг яқин ҳамкорлиги катта фойда ва самара беради.

Албатта, бир кунлик қолдириб кетилган сабоқлар, бир соатлик ўз вақтида олинмаган дарс, бажарилмаган уйга вазифа “домино эффекти” каби салбий таъсир кўрсатиб, кейинги таълим дастурларига жиддий таъсир кўрсатиши аниқ.

Телевидение орқали берилаётган ҳар бир дарсларни болалар томонидан қанчалик пухта ва тўлиқ ўзлаштирилаётганини ўқитувчилардан ташқари, ота-оналар, уларнинг яқинлари қатъий назорат қилиб бориши шарт. Ҳозирда норасмий шаклда “онлайн дарс – ўқувчи – ота-она ва ўқитувчи” тамойили пайдо бўлаяптики, бу концепцияда энг муҳим, таъбир жоиз бўлса, ҳал қилувчи халқа эндиликда ўқитувчидан уйда қолган ота-оналарга кўчиб ўтмоқда.

Фарзандларимиз таълими учун фақат ўқитувчи масъул ва жавобгар деган, бир томонлама қараш қанчалик нотўғри эканлигини реалликнинг ўзи тасдиқламоқда. Аввал айримлар болани мактабга жўнатдик, қолган барча ишларга устозлар масъул, деб янглиш юришганини бугун англаб олишлари керак.

Бунда ўйинқароқ ва ҳаддан зиёд эркатой болаларни тартиб-интизомга чақириб туриш, уйда фарзандларга шахсий намуна бўлиш, дарслар юкини фойдали меҳнат билан уйғунлаштириб олиб бориш, мустақил ишлаш кўникмасини ошириш даркор.

Карантин муддати қанча чўзилишидан ва анъанавий таълимга қанча муддатда қайтишимиздан қатъий назар, таълимда иштирокчи барча томонларнинг масъулиятни тенг бўлишиш даври бошланмоқда. Шу маънода ҳеч ким кутмаган жойдан чиқиб қолган пандемия таълимда узоқ йиллар қарор топган, сўнгги уч йилда кескин ўзгара бошлаган эскича қарашларни синдириш жараёнини янада тезлаштириши зарур.

Ота-оналар ўз зурриёдларини доимий кузатув ва назоратга олса, ҳар бир илми толибда ўз ички ҳисобдорлик ва ўзига талабчанлик ҳисси уйғотса, янги билимлар эгаллашга ҳаракат қилса, қайси касбда бўлмайлик умумий саъй-ҳаракатлар қилсак, фавқулодда шароитда ҳам фавқулодда натижадорликка эришишимиз мумкин.

Аслида имконсиз нарсанинг ўзи йўқ, фақат барча бир мақсад йўлида маҳкам мушт бўлиб ишласа, жуда катта самараларга эришишимиз шубҳасиз.

Дилафрўз ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Бектемир тумани 290-умумтаълим
мактаби инглиз тили ўқитувчиси