Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кирилл ГАВРИЛИН: «Академиямиз фондида Ўзбекистонга оид 200 дан ортиқ маданий мерос мавжуд»
12:20 / 2023-01-10

Ўзбекистон маданий меросини ўраниш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти биносида Строганов номидаги Москва давлат санъат ва саноат академиясининг Санъат тарихи ва гуманитар фанлар кафедраси мудири, профессор Кирилл Гаврилин билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида профессор Кирилл Гаврилин қуйидаги фикрларни билдирди:  

– Ўтган йилнинг ёзида Самарқандда бўлиб ўтган VI конгрессда иштирок этиш таклифи учун Бутунжаҳон жамиятига чин дилдан миннатдорлик билдираман. Унда дунёнинг етакчи шарқшунос олимлари билан танишдим ва «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси ташкилоти томонидан Ўзбекистон маданий-тарихий мероси объектларини излаш, аниқлаш ва нашр этиш бўйича чуқур тизимли ишлар олиб борилганидан мамнун бўлдим.  

Бутунжаҳон жамияти талабига биноан ва Строганов номидаги Россия давлат санъат ва саноат академияси фондларида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бизда Ўзбекистонга тааллуқли 200 дан ортиқ маданий мерос мавжуд. Ўзбекистонга тегишли ашёларни қидириш ва аниқлаш бир неча ой вақтни талаб қилди.  

Энг катта фонд, бу – Ўзбекистон меъморий кулолчилик буюмлари бўлиб, XX аср бошларида ўзбек кулолчилик буюмларини йиғишни бошлаган таниқли рассом, кулолчи, технолог, реставратор Алексей Филиппов коллекциясидир.  

Кундаликлардаги ёзувларга кўра, у Николай II давриданоқ ўзбек кулолчилик буюмларини йиғишни бошлаган.  

Бу коллекция яқинда кашф этилган бўлиб, унда нафақат аср бошларидаги амалий санъат намуналари, балки талабалар экспедициялари томонидан Москвага олиб келинган 60-70 йиллардаги кулолчилик буюмлари ҳам намойиш этилган.  

Мазкур коллекциядан Марказий Осиё бозори учун яратилган муҳташам устунлар, эшиклар, кулолчилик ва чинни буюмлар  ўрин олган. Шунингдек, уруш йилларида Ўзбекистондан эвакуация қилинган рассомларнинг суратлари ҳам мавжуд. Баъзи расмлар, аллақачон йўқолиб кетган меросни ҳам ифодалайди ва бу тадқиқот учун энг муҳим манбадир. Бутунжаҳон жамиятининг қўшма лойиҳаси доирасида биз ўрганаётган яна бир фонд, бу –Пушкин майдонидаги Россиянинг замонавий тарих марказий давлат музейидир. Уларнинг фондида жуда кўп ўзбек буюмлари бор: булар юқори даражадаги совғалар, халқаро кўргазмаларга юборилган буюмлар, 30-50 йиллардаги ўзбек рассомларининг бетакрор ижоди ва бошқалар. Коллекцияда Ўзбекистоннинг энг яхши усталари томонидан яратилган биринчи даражали буюмлар мавжуд.  

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан академия мутахассислари чуқур изланишлар олиб борди ва Ўзбекистонга оид чинакам ноёб объектларни кашф этди. Фондда металл, халқ кулолчилик буюмлари намуналари, Хоразм ёғочлари бор. Буларнинг барчаси узоқ вақт давомида ўрганилмаган. Алоҳида буюмлар собиқ Совет иттифоқининг барча декоратив санъат усталари таҳсил олган академия филиали – Калинин мактабида сақланади. Айрим ашёлар 1964 йил Хоразм инқилобий музейидан олинган, – деди К. Гаврилин.  

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА  

ёзиб олди, ЎзА