Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ЖХХ ЖТСБ кинология бўлинмаси томонидан амалга оширилган ишларни аҳолига яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Республика ҳудудида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, аҳоли кўп йиғиладиган жойлар, аэропорт, темир йўл вокзалларида юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай жиноятларни хизмат итлари ёрдамида аниқлаш кинологларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЖХХ ЖТСБ кинология бўлимида жами 37 хизмат ити мавжуд. Кинология бўлимида мавжуд хизмат итларининг касалликка чалинишининг олдини олиш, воқеа жойига чиқишда доим шай туриши учун ветеринария хизмати ҳам яхши йўлга қўйилган. Соҳа ходимлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органларининг кинология бўлинмалари ўртасида ўтказилаётган “Аълочи кинолог” кўрик танловларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Олти ой мобайнида кинологлар томонидан 194 воқеа жойига чиқилиб, шундан гиёҳвандлик моддалар билан боғлиқ 22 та, 107 та ўғирлик, 2 та қотиллик ва 2 та бошқа турдаги, жами 134 та жиноят ақлли жониворлар иштирокида очилишига эришилди. Чимбой тумани “Қизил ўзак” овул фуқаролар йиғини ҳудудида қотиллик юз берди. Жиноятчини қидиришга ички ишлар, шу жумладан, кинология хизмати ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жалб этилади.
[gallery-12981]
Уйга ўғирликка тушган жиноятчини келинчак кўриб қолади. Жиноят изини яшириш учун жиноятчи унинг танасини турли қисмларига қозиқ билан уриб қасддан ўлтиради. Тергов-тезкор гуруҳ таркибида воқеа жойига етиб келган инструктор-кинолог, сержант Шарапат Жарекеев ўзининг “Гарри” лақабли хизмат ити билан ишга киришади. Хизмат итлари берилган вазифани асосан ҳид орқали бажаради. Кўздан кечириш жараёнида шу атрофдаги экинзор орасидан қотил фойдаланган қозиқ, чала битган уйнинг ичидан унинг қонга беланган кийимлари топилади. Натижада, йўналиш бўйича олиб борилган тезкор қидирув ишлари кўп ўтмай, қотил қўлга олинади.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари кинология хизмати бўйича батафсил маълумотга эга бўлди. Бундан кўзланган мақсад эса ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни очишда хизмат қилаётган кинологларнинг фидокорона меҳнатини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА