Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кинокамераси борлиги ҳақида маълумот бермаганларнинг мулки мусодара қилинган
09:05 / 2021-02-04

Ватанимиз тарихидаги 4 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1891 йил (бундан 130 йил олдин) – Туркистон генерал-губернаторлиги Самарқанд мусиқали драма жамияти тузилганлиги ҳақидаги ҳужжатни имзолади, унинг низомини тасдиқлади.

1920 йил (бундан 101 йил олдин) – Туркистон республикаси халқ маорифи комиссарлиги (вазирлиги) ҳузуридаги фотокино бўлимининг хусусий кинематографик ташкилот, муассасалар мулкини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Унга биноан, қарор эълон қилинган кундан бошлаб 5 кун мобайнида кинематографик ташкилот, муассасалар, омборхоналар, хусусий шахслар ўз идоралари, уйларидаги барча кинематографик асарларни, аппарат ва техник ускуналарни фотокино бўлимига аввал рўйхатини, сўнгра барча асар ва техник ускуналарнининг ўзини топшириши лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, халқ маорифи комиссарлигининг ушбу қарорига асосан Туркистон ўлкаси ҳудудида жойлашган барча хусусий шахслардаги кинематографик ленталар, улар қай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, номланиши, ҳажми, ишлаб чиқарилган вақти, муаллифи, ғояси кўрсатилган ҳолда ҳисобга олиниши шартлиги кўрсатилди.

Тарихчи Барно Ўнгбоеванинг қайд этишича, шу кундан бошлаб кинематографик ленталар, аппаратлар, асарларни сотиш, сотиб олиш фақат Туркистон халқ маорифи комиссарлиги ҳузуридаги фотокино бўлими рухсатномаси асосида амалга оширилиши шартлиги белгилаб қўйилди. Бундай маълумотларни тақдим этмаган барча жисмоний шахслар мулклари ҳукумат томонидан мусодара қилиниши мумкинлиги қайд этилди.

1990 йил (бундан 31 йил олдин) – тарихчи олим Сотимжон Холбоевнинг қайд этишича, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида олий таълим профессор-ўқитувчиларининг кенгаши чақирилиб, унда биринчи маротаба Ўзбекистон тарихини олий ўқув муассасаларида ўқитиш масаласи кўтарилди.

Шу кенгаш хулосаси асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Н. Науменко имзоси билан буйруқ чиқарилди. Унда “Ўзбекистон тарихи фани”ни барча олий ўқув муассасаларида ўқитиш учун унга жами ўттиз соат ажратилганлиги кўрсатилди.

1994 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Автомобиль транспорти халқаро уюшмасига аъзо бўлди.

1998 йил (бундан 23 йил олдин) – Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 30 декабрдаги қарорига мувофиқ “Устоз” Республика жамғармаси тузилди.

2015 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади