Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 май куни Алишер Навоий номидаги Киночилар уйига ташриф буюриб, бу ердаги янгилик ва ўзгаришлар, яъни Ўзбекистон кино санъати музейида ташкил этилган 9 қисмдан иборат "Янги Ўзбекистон — янги кино санъати" номли кўргазма ва экспозициялар билан танишди.
Ташриф давомида бир қатор киноижодкорлар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди. Унда Алишер Навоий номидаги Киночилар уйини "Миллий кино санъати саройи"га айлантириш таклифи берилди ва бу ташаббус давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди. Эндиликда мазкур ғоя асосида собиқ “Панорама” кинотеатри "Ўзбекистон Миллий кино санъати саройи"га айлантирилди.
Давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган дилдан суҳбат кино соҳаси вакилларига илҳом, ижод завқини бағишлагани шубҳасиз. Бу жиҳатлар Кино саройининг қад ростлаганига 60 йил тўлгани мунoсабати билан ўтказилган “Янги Ўзбекистон кино санъатининг уфқлари” форумида ҳам ўзининг яққол ифодасини топди.
Форум аввалида киноижодкорлар, мутахассислар ҳамда меҳмонлар киносарой биносида Ўзбекистон кино санъати музейидаги экспонатлар билан танишди.
Форумда кейинги йилларда кинематография соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат хусусида батафсил сўз юритилди. Бунинг натижасида ўзбек киночилари томонидан яратилган “Якшанба”, “Кўк чой”, “Илҳақ”, “Ўзбек қизи”, “Фариданинг икки минг қўшиғи”, “Абдулла Орипов”, “Мерос” ва бошқа кўплаб фильмлар халқаро фестивалларда алоҳида эътироф этилди, олқиш ва мукофотларга сазовор бўлди.
Шунингдек, анжуманда Президентимизнинг киноижодкорлар билан самимий учрашуви, мазкур муҳташам кинотеатр барпо этилганининг 60 йиллиги ҳамда унда ташкил этилган "Янги Ўзбекистон — янги кино санъати" номли кўргазма ва ундаги экспонатлар, кино тарихи ҳақида батафсил сўз юритилди.
Кино соҳасидаги ўзгаришлар ва янгиликлар учун барча киноижодкорлар томонидан миннатдорлик билдирилди. Киночилар миллий кинематографияга берилаётган эътибордан мамнун эканлигини таъкидладилар.
Форум давомида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокировнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Куйламоқ – яшамоқ демак” номли ҳужжатли фильмининг илк катта премьераси ташкил этилди. Мазкур ҳужжатли картина устоз санъаткорнинг машаққатли ҳаёти, ижод йўлидаги изтиробли изланишлари, жаҳон миқёсида тан олинган қўшиқлари хусусида атрофлича ҳикоя қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Форум якунида Миллий кино санъати саройининг 60 йиллиги муносабати билан Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан барча киноижодкорлар ва мутахассислар учун эстрада юлдузлари иштирокида гала-концерт ташкил этилди.
Н.Усмонова, ЎзА