“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг Инновация ва янги технологияларни жорий этиш бўлими мутахассислари “Аммофос-Махам” акциядорлик жамиятида бўлди.
Унда мутахассислар корхонанинг лаборатория имкониятларини ўрганиб, унинг янги инновацион лойиҳалар доирасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш салоҳиятини таҳлил қилди.
Ўрганиш жараёнида корхонанинг илмий таҳлилларни мустақил бажариш имкониятига эга экани қайд этилди.
Шунингдек, “Аммофос” 2 цехи фаолияти кўздан кечирилиб, мазкур ишлаб чиқариш майдонида амалга оширилиши мумкин бўлган янги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Бундан ташқари, “Аммофос-Махам” АЖ ҳудудида жойлашган ва кунига 200 тонна сульфат кислота ишлаб чиқариш қувватига эга “Almalyk Sulphuric Acid” МЧЖда ҳам ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишилди.

Кимё саноати корхоналарида инновацион ютуқларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини кенгайтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидандир.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, “Аммофос-Махам” АЖ ва унга қарашли ишлаб чиқариш майдонларида мавжуд лаборатория ва технологик имкониятлар келгусида илмий-тадқиқот ишларини янада кенгайтириш, янги инновацион лойиҳаларни жорий этиш ҳамда маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар турини кўпайтириш учун мустаҳкам асос яратади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА