Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида кимё саноати корхоналарида ёнғин ва портлаш хавфсизлигини таъминлашга бағишланган “Кимё саноати корхоналарида ёнғин-портлаш хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари: муаммолар ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманни Академия бошлиғи Музаффаржон Мамасиддиқов очиб бериб, кимё саноати объектларида хавфсизликни таъминлаш масалалари давлат миқёсида стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Мазкур тадбир кимё саноати корхоналарида ёнғин ва портлаш хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, хавф омилларини илмий асосланган ҳолда аниқлаш ҳамда уларни камайтириш ва бартараф этишга қаратилган самарали ташкилий-техник ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Анжуман давомида кимё саноатида ёнғин-портлаш хавфсизлигини таъминлашда замонавий технологияларни жорий этиш, автоматлаштирилган мониторинг ва назорат тизимларидан самарали фойдаланиш, инсон омилини камайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, кимёвий хавфли ишлаб чиқариш объектларида фуқаро муҳофазасини таъминлашда рақамли моделлаштириш, таҳлил ва прогнозлаш усулларининг амалий аҳамиятига алоҳида урғу берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА