Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кимёвий воситалар ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда
16:34 / 2017-10-30

Агрофос-Д, энтоликур, далатэ, энтолучо. Яна давом эттириш мумкин бўлган бу рўйхатда ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилувчи замонавий кимёвий воситаларнинг номлари келтирилган.

Агрофос-Д, энтоликур, далатэ, энтолучо. Яна давом эттириш мумкин бўлган бу рўйхатда ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилувчи замонавий кимёвий воситаларнинг номлари келтирилган.

Тез орада мамлакатимиз боғбону деҳқонларига ўзимизда ишлаб чиқариладиган шу каби препаратлар таклиф этила бошланади. Зеро, илгари маҳаллий кимё саноатимизда бу каби воситалар ишлаб чиқарилмас, 2003 йилдан буён Наманган вилоятидаги “Ифода агро кимё ҳимоя” масъулияти чекланган жамияти қишлоқ хўжалиги корхоналарини бундай маҳсулотлар билан хорижий компанияларнинг дистрибьютори сифатида четдан келтириб таъминлар эди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти, хусусан, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, кимё саноатини ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар ўз самарасини бермоқда.



Буни Наманган вилоятидаги “Ифода агро кимё ҳимоя” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Корхона томонидан "2016-2019 йилларда Наманган вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури"га киритилган лойиҳа асосида ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқарувчи заводни барпо этишга киришилди.

Лойиҳага кўра, 2016-2018 йилларда пестицидлар, яъни ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқариш тўлиқ йўлга қўйилади. Биринчи босқичда жорий йил якунигача қишлоқ хўжалиги экинларидаги занг ва бошқа касалликлар, жумладан, шира, трипс, хасва, кандала, тут парвонаси, фитономус, чигиртка, баргўрар қурт каби зараркунанда ҳашаротлар, бегона ўтларга қарши фунгицид, эмульсия концентратли маҳсулотлар, гербицид каби 18 турдаги кимёвий препарат ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Заводни қуриш учун Чуст тумани ҳудудидан ажратилган 2 гектар майдонда катта ҳажмдаги қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Маҳсулотларни қадоқлаш ва формуляция цехлари, хомашё ва тайёр маҳсулотлар сақлаш омборлари ва бошқа маъмурий хўжалик бинолари қурилиб, замонавий технологик ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Умумий қиймати 6,5 миллион доллар бўлган лойиҳанинг биринчи босқичида кўзда тутилган ишларни амалга ошириш учун жамият сармояси ва банк кредити ҳисобидан 2 миллион доллар маблағ йўналтирилиб, йилига 800-1000 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати ҳамда 30 иш ўрни яратилди.

– Ҳозирча эмульсия концентратли препаратлар ишлаб чиқариб, Фарғона водийсидаги фермер хўжаликларини таъминлашни бошладик, – дейди “Ифода агро кимё ҳимоя” масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Д.Муллабоев. – Бироқ лойиҳанинг иккинчи босқичи топшириладиган 2018 йилга кўп вақт қолмади, келгуси йил якуни билан корхонада тайёрланадиган ўсимликларни ҳимоя қиладиган кимёвий воситалар тури 28 тага етказилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 7-8 июль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида корхонамизда бўлиб, амалга оширилган ва лойиҳанинг навбатдаги босқичи бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Зарур маслаҳат ва кўрсатмалар берди. Бу бизга катта куч бағишлади. Лойиҳа бўйича қурилиш ва ташкилий ишлар билан бир қаторда давлатимиз раҳбарининг маслаҳатига биноан илмий-тадқиқот институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш устида ҳам иш олиб борилмоқда. Пировардида корхонамизда ўсимликларни ҳимоя қилувчи барча препаратив шаклларда 28 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади ва шу пайтгача четдан келтирилаётган 70 фоиз препаратларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Дарҳақиқат, иқтисодий самарадорлик ҳақида гап кетганда, ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар тайёрловчи заводда ишлаб чиқариш жараёнини маҳаллийлаштириш асосида эришиладиган натижаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Масалан, тайёр ҳолдаги 22,5 фоизли энтоликур эмульсия концентратининг бир литри 6 доллар, унинг хомашёси юз фоиз четдан келтириб ишлаб чиқарилса, таннархи 5,17 доллар бўлади. Бу препарат қисман 45-85 фоизгача, маҳаллий хомашёдан тайёрланса, таннарх 4,10 долларга айланади. Ёки агрофос-Д препаратининг 1000 литри четдан 520 минг долларга келтирилаётган бўлса, маҳаллий ишлаб чиқарилган бу маҳсулотнинг шу миқдори 408 минг доллар бўлади. Худди шундай кўрсаткичларни мазкур корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни тайёрлаш харажат ва даромадлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу фермер, деҳқон хўжаликлари учун ҳам ҳар жиҳатдан айни муддаодир. Зеро, 1000 гектар пахта майдони учун талаб этиладиган 1000 литр агрофос-Д нинг импорт нархи 115 миллион сўм бўлса, маҳаллий ишлаб чиқариш харажати 80 миллион сўмни ташкил этади. Орадаги тафовут, яъни иқтисод қилиб қолинган маблағ 35 миллион сўм. Маҳсулот таннархининг 20-30 фоизга камайиши эса экспорт салоҳиятини ортиришга хизмат қилади.

Айни пайтда лойиҳанинг 2018 йилда фойдаланишга топшириладиган иккинчи босқичи устида қизғин иш кетаётир. 4,5 миллион доллар сармоя сарфланиши кўзда тутилган навбатдаги босқич ишга туширилса, турли янги кимёвий воситалар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.