Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кимё бўйича Нобель мукофоти лауреати Дан Шехтман Ўзбекистонда
14:15 / 2019-11-05

“Innoweek-2018” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасидаги стартап-танловда ютган ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи Амир Абидов Исроилда уч ҳафта амалиёт ўтаб келиш имконига эга бўлганди.


Инновацион ривожланиш вазирлигининг таклифига кўра, Технион – Исроил технология институти Материалшунослик ва муҳандислик кафедраси профессори, кимё бўйича Нобель мукофоти лауреати Дан Шехтман Ўзбекистонга келди. Меҳмон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан учрашди.

“Innoweek-2018” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасидаги стартап-танловда ютган ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи Амир Абидов Исроилда уч ҳафта амалиёт ўтаб келиш имконига эга бўлганди. А.Абидов Исроилда профессор Дан Шехтман билан учрашиб, уни Ўзбекистонга таклиф қилганди. Вазирлик раҳбарияти эса ўз навбатида Исроил элчихонаси орқали профессорни Ўзбекистонга расман таклиф қилди.

Нобель мукофоти лауреати Дан Шехтман Ўзбекистонга бир ҳафталик дастурда иштирок этиш учун етиб келди. 4-9 ноябрь кунлари Технион – Исроил технология университети профессори Тошкент ва Самарқанд университетларида маърузалар ўқийди, IT парк, Илғор технологиялар маркази, Ўзбекистондаги иқтидорли болалар учун биринчи Президент мактаби фаолияти билан танишади.

Маълумот учун, Дан Шехтман квазикристалларни кашф этгани боис 2011 йилда кимё бўйича Нобель мукофоти соврини билан мукофотланган. У нафақат кимё, балки физика соҳасидаги ютуқлари учун ҳам бошқа нуфузли илмий мукофотларга эга. 

1996 йилда профессор Шехтман Исроил Фанлар академиясининг аъзоси, 2000 йилда АҚШ миллий техник академиясининг аъзоси, 2004 йилда Европа фанлар академияси аъзоси этиб сайланган. Ҳозирги кунда профессорнинг кашфиёти саноатнинг турли соҳаларида қўлланилмоқда, жумладан, металлургия, муқобил энергетика, оптика, электроника, тиббиёт ҳамда космос соҳаларида.

Профессор Шехтман ҳар йили ўз маърузалари билан бутун дунё бўйлаб ўнлаб университетларга ташриф буюради. Унинг маърузалари нафақат кимё, балки ёш олимларнинг тадбиркорлик руҳини ривожлантиришга бағишланган. Профессор “технологик“ тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда 7 ноябрь куни таниқли олим иштирокида учрашув ва ўқувчилар учун очиқ дарс ўтказилиши режалаштирилган. Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-технопарк), Фанлар академияси Материалшунослик институтининг катта қуёш печи ноёб илмий объекти билан танишиш (Тошкент вилояти, Паркент тумани) ҳамда етакчи ва ёш олимлари билан учрашиш кўзда тутилган.