Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар гапираётгандек бўлур”
11:29 / 2024-10-08

Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги

Шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда 17-18 октябрь кунлари Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади.  

Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат маркази, маданият ўчоғи бўлиб келган. Юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий-маънавий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу меросни ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида кейинги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қарори кўра, бу йил юртимизда Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланаётгани ушбу йўналишдаги ишларнинг ёрқин намунасидир.

Ушбу тарихий сана муносабати билан ўтказилаётган халқаро анжуманларда муқаддас динимиз илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш назарда тутилган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Имом Термизийнинг ўзлари “Сунани Термизий” асари ҳақида гапириб, “кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапираётгандек бўлур”, деган эдилар. Шу боис Имом Термизийнинг ҳаёти ва мероси дунёнинг турли бурчакларида яшовчи, дини ва миллатидан қатъий назар, кўплаб олимларнинг илмий изланишлари мавзусига айланган десак, муболаға бўлмайди.  

Имом Термизий мажмуасида бу улуғ олим ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китобларининг кўргазмаларини ташкил этиш соҳа вакиллари, юртимиз аҳолиси, ёшлар ва сайёҳларнинг Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятини чуқур ўрганиш, уларга бўлган эътибор ошишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, ушбу маърифий тадбирлар доирасида Имом Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид илмий мақолалар танлови ўтказилади. Имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” танлови, давра суҳбатлари ташкил этилади.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг устоз ва талабалари Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган илмий мақола ва медиа маҳсулотлар тайёрлаб, уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш ишларини бошлаб юборишган. Жумладан, шу кунга қадар, аллома ҳаёти ва ижодига бағишланган юз элликдан зиёд материал тайёрланиб, матбуот ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.  

Аллома мероси нафақат ислом тафаккури ва тарихи саҳифаларини ёритишда, балки бутун инсониятни доимий равишда безовта қилиб келган саволларга жавоб излашда долзарб бўлиб қолмоқда. Шундай экан, Имом Термизийнинг таваллуд саналари муносабати билан амалга оширилиши назарда тутилган барча чора-тадбирлар халқимиз ва бутун дунё аҳолиси учун маърифий жиҳатдан фойдали бўлади.  

Зайниддин Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

ЎзА