Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кимни алдаяпсиз, жаноб матбуот котиби?!
13:57 / 2020-11-04

Ҳар гал азим пойтахтдан қадрдон туғилиб-ўсган гўшам остонаси сари шошарканман, Янгиер деҳқон бозори рўпарасидаги серқатнов йўлга ҳали ҳам светофор ўрнатилмаганлиги эътиборимни тортади.

Бир неча йиллардан буён бозор рўпарасидаги тартибсизлик кишининг таъбини хира қилади. Ўша-ўша манзара: киракаш машиналарнинг тартибсиз жойлашуви, катта-кичик кўчма савдо расталари, қурт, писта сотувчи аёлларнинг дуч келган жойга ўрнашиб олиб, ўтган-кетган харидорларни ўзига жалб қилиш учун бақириши, йўловчиларнинг тиқилинч машиналар орасидан базўр ва қўрқа-писа ўтиши...

Бу воқеликка эътиборсиз бўлмаганим, қолаверса, туғилиб ўсган масканимнинг ҳолига ачинибми, ўтган йилнинг айни октябрь ойи ўрталарида шу ҳақда танқидий мақола ёзиб, турли хил расмий сайтларда эълон қилгандим. Аммо натижаси шу бўлдики, ҳақиқий аҳволни тўғрилаш устига менга босимлар кучайиб кетди.  

«Нега бу мақолани ёздинг?!», деб ёқамдан олишларига сал қолди. Ўша вақтлари Ўзбекистон «Адолат» СДП Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот котиби лавозимида фаолият олиб борардим. Бу мақола фаолиятимга алоқадор бўлмаган, ўзимнинг эркин йўналишда ёзган публицистик мақолам эди. Ўша пайтда Янгиер шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари бўлган З.Мирраҳимов ҳатто шахсий телефонимга қўнғироқ қилиб, «Бизда қасдингиз борми», деганида, на кулишни билганман, на йиғлашни.

Ўйланиб қоламан, шахсан давлатимиз раҳбари бугун катта-кичик мутасаддиларни оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишга чорлаётган маҳал бундай муносабатни қандай изоҳлаш мумкин? Муаллифнинг кимгадир қасди бўлсагина шундай мақола битиладими?! Ўша ердаги ҳолатни кўриб туриб кўрмаганга олишни ўзимга эп билмаганим, халққа ачинганим сабабли ёзгандим-ку бу мақолани… Муаммони бартараф этиш ўрнига уни кўтариб чиққанга душманлик кўзи билан қараш нимаси?..

Мақола эълон қилинганидан сўнг кўп вақт ўтмай, Сирдарё вилоятининг расмий телеграм каналларида танқидга муносабат тарзида қўйилган видеопост тарқалди. Бу видеопостда айнан ўша мақолам келтирилиб, сўнг бозор ичкарисидаги кичик янги савдо мажмуаси ичидан лавҳа тайёрланган, бир-икки исми-шарифи ҳам кўрсатилмаган одамлардан интервью олиниб, гўёки, шу билан масалани ёпишгандек бўлишди. Мен худди тирноқ ичидан кир қидиргандек, мақолани асоссиз ёзгандек қилиб кўрсатилдим. Ваҳоланки, мақолада янги қурилган савдо мажмуаси ичидаги ҳолатга эмас, балки бозор атрофидаги тартибсизликларга урғу бергандим.

Видеопостда исм-шарифи кўрсатилмаган бир шахс тартибсизликларга қисқагина изоҳ бериб, йил охирига қадар бу ҳолат бартараф этилиши ва 196 ўринга мўлжалланган янги автотураргоҳ қурилиши ҳақида айтганди. Аммо гувоҳи бўляпсизки, 2019 йилнинг охири у ёқда турсин, 2020 йил ҳам поёнига етаяпдики, муаммо ҳали-ҳануз ўша-ўша «эски ҳаммом – эски тос»лигича турибди.  

Балки улар пандемия бошланиб қолганини баҳона қилишар. Бироқ интервьюда масала 2019 йилнинг сўнгигача бартараф этилади, деб ваъда берилганди-ку ёки ахборот хизмати раҳбарининг танқидий мақолани ёпиш учун одамларни чалғитиб, атай бозорнинг янги қурилган савдо мажмуасидан видеопост тайёрлаб, мақола эгасини ғаразгўйга чиқариши билан барчасига нуқта қўйилди, деб ўйлашмоқдами?

Мен ўша матбуот котибига ҳокимларнинг айбини бекитиб юргунча, асл муаммога реал нигоҳ ташлаб, халқнинг оғирини енгил қилишга кўмаклашинг, деган бўлар эдим. Ҳеч бўлмаса, бозор рўпарасидаги серқатнов йўлга биттагина светофор ўрнатиб қўйиш хаёлларига келмаганини-чи? Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўзим ҳам ўша йўлни кесиб ўтишга қўрқаман. Энди кексалар-у ёш болаларни тасаввур қилаверинг. Сариқ чизиқ тортилган пиёдалар ўтиш жойида светофор бўлмаганлиги учун машиналар кўп ҳолларда пиёдаларга йўл бермай ўтиб кетаверади. Одамлар ҳаётига хавф туғдирувчи шундай муаммо бўлиб туриб, масъуллар бунга қандай бепарво қараши мумкин?..

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

журналист