Тошкент шаҳар «Махсустранс» давлат унитар корхонаси маълумотига кўра, пойтахтимизда кунига 2 тоннага яқин нон чиқиндига ташлаб юборилар экан. Мамлакат бўйича бу қанча бўлишини ҳисоб-китоб қилинг.
Бу шунчаки хабар эмас. Бу ҳақида ҳар биримиз, ҳар куни жиддий ўйлашимиз керак. Халқимиз «Исрофгарчилик баракани кетказади», деб бежиз таъкидламайди. Динимиз ҳам ҳар бир неъматдан тежаб-тергаб фойдаланишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради.
Дунё бўйича тайёр озиқ-овқатнинг 30 фоизи чиқитга чиқарилар экан. АҚШда бу кўрсаткич 40, Буюк Британияда эса 50 фоизгача етади. Европада йилига 100 млн., дунё бўйича эса 1,3 млрд. тонна овқат исроф қилинади. Балки шунинг учун Европанинг аксарият давлатларида кафе, ресторанларда исрофга йўл қўйганларга жарима солинар. Осиёнинг айрим давлатларида ҳам шундай тақиқ бор. Бошқа кўплаб давлатлар ҳам шундай йўл тутмоқчи.

Бундай амалиётни бугун ўзимизда ҳам қўллаш вақти келгандир. Чунки тўй, йиғин, кафе ва ресторанларда, ҳатто аза билан боғлиқ маросимларда ҳам неъматларни керагидан ортиқ исроф қилишга ўрганиб қолдик.
Ажабланадиган томони, бугун кимдир очликдан, кимдир тўқликдан азият чекяпти.

Дунёда очлар сони сўнгги 15 йилда муттасил ўсиб боряпти. Яъни, тўйиб овқат емаётганлар сони яқин йилларда 1 млрд. кишига етади. Ҳар йили 5 млн. бола очликдан вафот этяпти. Аксинча, бугун дунёда ортиқча вазнга эга бўлганлар сони 1,8 млн. кишини ташкил қилади. Семизлар сони эса 1 млн.га яқин.
Қачонки исрофгарчиликка йўл қўйиб, таомингизни ахлат қутисига улоқтираётганингизда дунёда қандай яшаётган одамлар борлигини бир эслаб қўйинг. Чунки барча ризқи билан яратилган. Балки шу очларнинг ҳисобига, семизлар кўпайиб бораётгандир.

Жаҳонгир Зияев, депутат