Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ким солиқчи бўла олади?
15:54 / 2021-06-25

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида «очиқ эшиклар куни» ўтказилди. Унга вилоят ва мамлакатимизнинг турли олийгоҳларида таҳсил олаётган талабалар таклиф этилди.

«Очиқ эшиклар куни» тадбири давлат солиқ хизмати органлари ходимлари олдига қўйилган вазифалар, уларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди. Мазкур тадбирда талабаларга давлат солиқ хизмати идоралари ходимлари учун яратилган шароитлар, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Солиқ тушумларининг давлатимиз иқтисодий тараққиётидаги ўрни жуда катта. Тадбирда солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси, уларга сервис хизматлари кўрсатувчи давлат органига айлангани таъкидланди. Талабаларга бошқармадаги бўлимлар фаолияти, солиқ тизимида ишлатилаётган турли дастурлар, инспекторларга юклатилган вазифалар юзасидан зарур ахборотлар, тушунтиришлар берилди. Шунингдек, ёшлар келажакда етук кадр бўлиш учун қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор бериш кераклиги бўйича зарур масалахатлар олди.

– Жорий йилдан давлат солиқ хизмати органларига ишга қабул қилиш фақат Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (https://vacancy.argos.uz/) портали орқали очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилмоқда, – дейди Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими Муроджон Каримов. – Бу – солиқ хизмати органлари тизимида коррупциянинг олдини олиш, малакали кадрларнинг рақобатбардош захирасини шакллантириш ва бўш иш ўринларини ўз вақтида тўлдириб боришнинг мутлақо шаффоф тизимидир. Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали орқали сараланган номзодлар меритократик, шаффофлик ва холислик принципи асосида синовдан ўтказилмоқда.

Тадбир иштирокчилари бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг «Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи» тамойили асосида олиб бораётган фаолияти билан яқиндан танишди.

«Очиқ эшиклар куни» доирасида талабаларга солиқ тизимида коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

 

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА