Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ким ҳақ? Тадбиркорми ёки ташкилот?
11:08 / 2021-04-18

Мурожаат юзасидан

Бугунги кунда Тошкент вилоятида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини ривожлантириш ва шу орқали жойларда аҳоли даромадини ошириш, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли ҳудудларда ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти янада ривожланишига эришилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ муаммоларини ўрганиб бориш ва уларни ҳал этиш бўйича масъулларга алоҳида топшириқлар берилган эди. Бу бежизга эмас, албатта. 

Сабаби тадбиркорларни қийнаётган муаммолар жуда кўп. Хусусан, Зангиота туманидаги “Glass Tech Service” масъулияти чекланган жамияти ҳам фаолиятида учраётган муаммолар юзасидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига мурожаат қилган эди. 

Мазкур корхона шиша-ойналарни қирқиш, қайта ишлаш, бадиий безак бериш ва тоблашга ихтисослашган. Шу билан бирга маҳсулотларни етказиш ва ўрнатиб бериш каби хизматларни кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда 90 нафар мутахассис томонидан замонавий асбоб-ускуналар асосида иш ташкил этилган. Бинолар учун мўлжалланган эшик ва деразаларга мўлжалланган ойналарга турлича шакл бериш жараёни автоматик тарзда, бир қатор босқичларда амалга оширилади. Ҳозирги кунда бу ерда минг квадрат метрга яқин тайёр ойна маҳсулотлари ишлаб чиқариляпти. Маҳсулотлар ички бозор билан бирга қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. 

Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг 8-бандига мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилиши белгиланган. Шунингдек, Президентнинг 2020 йил 10 июлдаги “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 1-бандида, юридик шахслар томонидан табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов киритиш тўғрисидаги мажбурий талабни 30 фоизгача камайтириш имконияти давлат корхоналари ва устав капиталидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ қилмаслиги қайд этилган. 

Корхона директори Отажон Йўлдошев қарор ва фармонда кўрсатилган ушбу имкониятлардан фойдаланиш учун электрга олдиндан ҳақ тўлаш мажбурий талабни 30 фоизга пасайтириб беришни сўраб бир неча бор масъул ташкилотларга мурожаат қилди. Бироқ. уларнинг ҳар биридан олинган жавоб тадбиркорни қаноатлантирмади. 

Хусусан, жорий йил 18 март куни “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Зангиота ТЭТК томонидан фуқаронинг мурожаати ўрганилиб, қуйидагича жавоб қайтарилди. Хатда қайд этилишича, мурожаатчига Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 70-бандига мувофиқ истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш, маиший истеъмолчилар бундан мустасно, 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. 

Бунда, ҳисоб-китобни 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга ошириш хоҳишини билдирган истеъмолчилар ҳисоб-китоб амалга ошириладиган даврни кўрсатиб ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин билдирги тартибида Бюрога (Бюронинг айрим ваколатлари 01.08.2020 йилдан ҳудудий электр тармоқлари корхонасига ўтган) мурожаат қилган тақдирда электр энергияси истеъмолчиларга (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида етказиб берилишига йўл қўйилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳамда 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаётган истеъмолчилар томонидан ойнинг охиригача якуний ҳисоб-китоб амалга оширилмаган ҳолларда мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади, дея тушунтирилган. 

Бундан ташқари, мазкур ҳолат бўйича тадбиркор Адлия вазирлиги Тошкент вилояти бошқармасига хам мурожаат йўллаган. Бошқармадаги масъуллар томонидан масала ўрганилиб, жорий йилнинг 17 март куни “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ қонунбузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритган. Лекин бугунга қадар натижа бўлмаган. Ушбу масала юзасидан бошқарма мутахассислари билан боғландик. Бироқ шу иш билан шуғулланган ижрочи айрим сабабларга кўра хизмат жойида йўқлиги маълум бўлди ва юборилган тақдимноманинг натижаси бўйича аниқ жавоб айтилмади.

Шу йил 12 апрель куни Ўрта Чирчиқ тумани "Қумовул" МФЙ да жойлашган вилоят Халқ қабулхонасида вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов тадбиркорларни қабул қилди. Унда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш масалаларига эътибор қаратилди. “Glass Tech Service” МЧЖ вакиллари ҳам қабулда қатнашиб, ушбу масала юзасидан Д.Ҳидоятовга ҳам мурожаат қилди. Тадбирда “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбари Нилуфар Ботирова томонидан юқоридаги Вазирлар Маҳкамаси қарори бўйича тадбиркорга тушунтириш берилди. Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида акциядорлик жамияти мутахассиси Мурод Ғуломов билан шу бўйича суҳбатлашдик. Унинг таъкидлашича, карантин талаблари 2020 йил 15 августидан юмшатилгани боис ҳудуддаги барча корхона ва ташкилотлар одатдаги тартибда иш бошлаган. Шу туфайли электр энергияси учун олдиндан тўлов қилишга мажбурлиги айтилди. Тадбиркорнинг қарздорлиги бор ёки йўқлиги сўралганда мутахассис олдиндан мажбурий тўловни амалга оширмаганини айтди. 

Шу куни вилоят ҳокими қабулидан сўнг, кечга томон тахминан соат 18:22 ларда биз билан боғланиб, корхонаси электр таъминоти ячейкасидан узиб қўйилганини билдирди. Улар бориб масъуллардан изоҳ сўраганида зарур “бир запчасти” куйгани, бошқасини ҳозир топишнинг имкони йўқлигини айтишган. Кейин эса электр энергиясидан қарздорлиги борлигини маълум қилишган. Хуллас 3 соат давомида электр токи ўчиб, корхонада иш тўхтаган. 

– Корхонамизда ишлатилган электр энегия ҳақи хар ойнинг 10 санасигача тўлиқ ҳисоб-китоб қилинади, – дейди “Glass Tech Service” корхонаси директори Отажон Йўлдошев. – Бундан ташқари, олдиндан мажбурий тўлов 30 фоизга пасайтирилиши Президентнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2020 йил 10 июлдаги “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган. Олдиндан мажбурий тўлов тушунчаси бу – биз ҳар ойда истеъмол қиладиган электр энергиясига ажратилган лимитнинг суммаси ҳисобланади. 

Корхона раҳбарининг айтишича, электр токи учун тўловларда қарздорлик йўқ. Ҳар ой учун белгиланган маблағ ўз вақтида тўланади. Бу жараёнлар тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган. 

Суҳбатлар ва ўрганишлар давомида маълум бўлдики, тадбиркорлик субъекти томонидан амалдаги қонун-ҳужжатларда белгиланган тартиб асосида “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ га электр энергиясига олдиндан ҳақ тўлаш мажбурий талабини 30 фоизга пасайтириб беришни сўралган. Бу масала ҳалигача аниқ ечимсиз қолмоқда. 

Хулоса эса ўзингиздан.

А.Мусаев, ЎзА