Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ўз бизнесини бошламоқчи бўлганлар фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун тадбиркор бўламан, янги иш ўрни яратаман, деган киши учун барча имкониятлар яратилган. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, тадбиркорлик қилиш мақсадида юрган фуқароларнинг айрим муаммоларга дуч келаётгани ҳам бор гап.
Наманган вилояти Норин тумани Ҳаққулобод шаҳри Улуғбек массивида яшовчи Ўрмонжон Худойбердиев Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларининг эътиборсизлиги оқибатида қарийб икки йилдан буён тадбиркорлик фаолиятини бошлолмай сарсон бўлаётган экан. У бу ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига йўллаган мурожаатида маълум қилган.

Ўрмонжон Худойбердиев Норин тумани Ҳаққулобод шаҳридаги Янги тонг маҳалласи “Ўзбекистон” кўчасидаги “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли умумий майдони 1375,67 кв. метр бўлган ер участкаси, 2-қаватли 11 та хонани 2019 йил 14 июн куни ўтказилган “E-Ijro Auksion” ягона электрон савдо майдончасидан қонуний сотиб олган. 2 миллиард сўмлик лойиҳани амалга ошириш мақсадида “Norin savdo qurilish komplekt” масъулияти чекланган жамияти номи билан тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтади. Бироқ, сотиб олинган объектнинг аввалги эгалари бинони бўшатиб бермай тадбиркорни сарсон қилаётган экан. Мурожаатчи мазкур масала юзасидан журналистик суриштирув ўтказиш ва мақола чоп этишни сўраган.
ЎзА мухбири мурожаатни жойида бориб ўрганди.
Аниқланишича, Баҳром Ботиров раҳбарлигидаги “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” масъулияти чекланган жамиятида 2016 йилда текшириш ўтказилган. Натижада 101 миллион 698 минг 400 сўм солиқ қарздорлиги ундирувини 486 миллион 843 минг 765 сўмга баҳоланган жамиятнинг молк-мулкларига қаратиш юзасидан жиноят ишлари бўйича Норин тумани судининг 2017 йил 9 февралдаги ҳукмидан сўнг бозорга қарашли бино-иншоотлар Мажбурий ижро бюроси туман бўлимининг 2017 йил 25 августдаги қарори билан савдога чиқарилган. Жиноят ишлари бўйича туман судининг ажримига асосан, мулкнинг қиймати 437 миллион 557 минг сўмга қайта баҳоланиб, 2018 йил 12 мартдаги қарори билан электрон-аукционга сотиш учун чиқарилган. МЧЖни солиқдан қарздорлигини тўлаб қўйиш, акс ҳолда мулк реализация қилиниши ҳақида огоҳлантириш хати берилган.
Объект аукцион савдода бир йилдан ортиқ вақт давомида бир неча марта савдога чиқарилган. Бироқ, харидор топилмаганлиги сабабли “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга асосан баҳоланган нарх 50 фоизга туширилган. Натижада ушбу мол-мулклар тенг ярим баҳода, яъни 218 миллион 778 минг 500 сўмга Ўрмонжон Худойбердиевга сотилган.
Бундан норози бўлган “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖ туман маъмурий судига шикоят аризасини киритади. Мазкур ишни кўриб чиққан суд 2019 йил 27 август куни ҳал қилув қарори қабул қилиб, шикоят аризасини қаноатлантиради ва МИБ туман бўлимининг 2017 йил 25 августдаги ҳамда 2018 йил 12 мартдаги мол-мулкни электрон-онлайн аукционда сотиш учун чиқариш ҳақидаги қарорларини ҳақиқий эмас, деб топади.
Суднинг мазкур қарорига нисбатан фуқаро Ў.Худойбердиев томонидан апелляция шикояти киритилади. Мазкур ишни кўриб чиққан вилоят маъмурий судининг апелляция инстанцияси туман маъмурий судининг 2019 йил 27 августдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантиришсиз қолдиради.
Ў.Худойбердиев энг юқори турувчи судга назорат шикояти асосида мурожаат этади. Мазкур иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2020 йилнинг 11 март куни кўриб чиқилади. Фуқаро Ў.Худойбердиев ўз шикоятида биринчи инстанция суди ишни кўришда процессуал қонун нормасини бузганлиги, МИБ давлат ижрочиси томонидан қонуний қарор қабул қилинганлиги, чунки Б.Ботиров зарар суммаси “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖнинг мулкига қаратилганидан хабардорлиги, аукцион савдолари қонуний бўлганлигини баён қилади.

Ишни кўриб чиққан судлов ҳайъати “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖ вакилларининг мулкни хатлашда иштирок этмагани, баҳолашда қатнашмагани ва низоли қарордан хабари бўлмагани тўғрисидаги важларини асоссиз ва иш ҳужжатлари билан инкор этди. Қолаверса, ушбу жамият ўзининг ҳуқуқлари бузилганлигини 2018 йилда билган бўлсада, уни ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат муддатини асоссиз равишда ўтказиб юборган.
Апелляция инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган вазиятларнинг исботланмаганлигига эътибор бермасдан, манфаатдор шахс Ў.Худойбердиевнинг апелляция шикоятида келтирилган важларига ҳуқуқий баҳо бермасдан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини асоссиз равишда ўзгаришсиз қолдирган.
Шу тариқа, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 11 мартдаги қарори билан, Норин тумани маъмурий судининг 2019 йил 27 августдаги ҳал қилув қарори ҳамда Наманган вилояти суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 5 декабрдаги қарори бекор қилинди.
Томонларнинг важ ва кўрсатувларини эшитган суд 2019 йил 14 июнь куни бўлиб ўтган электрон онлайн аукцион Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги 3149-сон қарори билан тасдиқланган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан ўтказилган, унда жавобгар Ў.Худойбердиев ғолиб, деб топилганини қайд этган. Мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун қонун талаблари доирасида сотилган. Ў.Худойбердиев қонуний мулкдор ҳисобланади. “E-Ijro Auksion” ягона электрон савдо майдончаси бўйича баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб, мулк жавобгар Ўрмонжон Худойбердиевнинг номига ўтказиш учун асос бўлади.
Судда даъвогар ўзининг важини тасдиқлаш учун қонунда кўрсатилган бошқа исботлаш воситасини тақдим қилмади. ФИБ суднинг ҳал қилув қарори билан “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖнинг даъво аризаси қаноатлантиришдан рад қилинди.
Шундан сўнг даъвогар Ў.Худойбердиев 2020 йил 10 август куни фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судига жавобгар “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖга нисбатан бинодан мажбурий тартибда кўчириш ҳақида даъво ариза киритади.
Мурожаатда келтирилганидек, Ҳаққулобод шаҳридаги бозор кўчмас мулки объекти ўзининг мулки ҳисобланади. Аммо жавобгар Б.Ботиров ва унинг яқинлари ҳозирга қадар Ў.Худойбердиевга мулкидан фойдаланиши учун тўсқинлик қилиб, бинони бўшатиб бермай келмоқда. Жавобгар низоли бинодан ҳозиргача фойдалансада, аммо солиқ идорасига солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширмагани сабабли 49 миллион 437 минг 950 сўм қарздорлик Ў.Худойбердиевнинг зиммасига тушмоқда. Айни шу омиллар ҳам жавобгарни бозордан тезроқ мажбурий кўчиришни тақозо этаётир.
Гарчанд, “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖ томонидан ҳозирда низоли бинони даъвогарга ихтиёрий бермасдан ўзбошимчалик билан эгаллаб турган бўлса ҳам, бироқ жавобгар номида ушбу объектга нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлар мавжуд эмаслиги суд мажлисида тўлақонли исботини топди.
Натижада, суд томонидан Ў.Худойбердиевнинг даъво аризасини қаноатлантирган ҳолда Норин тумани, Ҳаққулобод шаҳарчасидаги Янги тонг маҳалласи, “Ўзбекистон” кўчасида жойлашган бинодан (бозордан) жавобгар “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖни мажбурий тартибда кўчириш ҳақида 2020 йил 10 август куни ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Бундан қониқиш ҳосил қилмаган жамият мутасаддилари юқори турувчи судга 2020 йил 8 сентябрь куни ФИБ Учқўрғон туманлараро судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикоятини киритади. Бироқ фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида ушбу мурожаат қаноатлантирилмайди. Суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик судининг 164-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда, биринчи инстанция суди даъвогар Ў.Худойбердиев низоли бинонинг мулкдори эканлигини инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантириш ҳақида қонуний ва тўғри хулосага келган, деб топди. Шунга мувофиқ ФИБ Учқўрғон туманлараро судининг 2020 йил 10 августдаги мазкур фуқаролик иши юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.
– Икки йилдан бери сарсонмиз. Ўзимиз сотиб олган ҳудудга киролмаяпмиз. Агар биз ноқонуний хатти-ҳаракат қилганимизда албатта, чора кўрмасдан қолдирилмасди. Аммо бу жойнинг собиқ эгалари икки йилдан буён ноқонуний фойдаланиб келмоқда, – дейди Ўрмонжон Худойбердиев. – Номимга мулкка эгалик ҳақидаги ҳужжат расмийлаштирилган бўлишига қарамай, жавобгар томон бозор ҳудудини ижарачиларга бериш ҳисобига фойдаланиб келмоқда. Қани бу ерда солиқ, прокуратура ва МИБ идораларининг кўрган чораси? Бошқа киши мулкимизни бўшатмасдан ўзбошимчалик билан фойдаланиши оқибатида солиқдан тўловлар бизнинг ҳисобимизга чиқмоқда. Бунинг ҳисобига солиқдан қарздор бўлганмиз. Бизнинг муаммони ким ҳал этади?
Қайд этиш жоиз, илгари кўпчилик фуқаролар аукцион ғолиби сифатида сотиб олган мулкларига эгалик қилиши учун қоғозбозликка кўмилиб айрим ҳолларда йиллаб вақт йўқотар, асаблари таранглашиб, аукцион иштирокчиси бўлганига минг пушаймон бўлар эди. Янги тартибга кўра, “E-Ijro Auksion” – ягона электрон савдо майдончаси орқали сотиб олинган мулкка эгалик қилиш учун ҳеч қандай қоғоз талаб қилинмайди ва мулкдан фойдаланишга ҳеч бир ташкилот тўсқинлик қилолмайди. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқ соддалаштирилди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 26 августдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, аукцион орқали реализация қилинган ер участкаларига бўлган ҳуқуқ баённома расмийлаштирилганидан кейин туман (шаҳар) ҳокимларининг қарори чиқарилиши тартиби бекор қилинди. Баённома берилган иштирокчиларнинг баённомаси бекор қилинмайди, унга ўзгартириш киритилмайди. Ҳеч қайси ташкилот томонидан инкор қилинмаслиги белгиланган.
Шу ўрнида ҳақли савол туғилади. “E-Ijro Auksion” – ягона электрон савдо майдончаси орқали ер майдони сотиб олган фуқаро нима сабабдан йиллаб сарсон бўлиши, судма-суд юриши керак? Нега унинг мулкидан ҳуқуқий фойдаланишига тўсқинлик қилинмоқда? Ёки Президентимизнинг юқорида қайд этилган қароридан Норин тумани мутасаддилари бехабарми?
Ўрмонжон Худойбердиевнинг муаммосини ҳал этишда, яъни калаванинг учини топишга бевосита дахлдор Мажбурий ижро бюроси томонидан суд қарорлари нима учун тўлақонли ижро этилмаяпти? 2020 йил ноябрь ва 2021 йил февраль ойида амалга оширилган ижро ҳаракатлари нима сабабдан кутилган натижани бермади? Ҳаққулобод бозоридаги ер майдонини электрон савдо майдончасига чиқарган Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ Норин тумани бўлими учун мулкдорнинг қонуний манфаатларини таъминлаш муҳим масала эмасми?
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ Норин тумани бўлими бошлиғи Шерали Мамаризаевдан изоҳ сўрадик:
“ Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2020 йил 10 августдаги қарздор “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖдан ундирувчи Худойбердиев Ўрмонжон фойдасига Норин тумани, Ҳаққулобод шаҳарчаси, “Янги тонг” МФЙ, Ўзбекистон кўчаси, 8-уйда жойлашган бинодан мажбурий тартибда кўчириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Норин туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида бўлим давлат ижрочиси томонидан 2021 йилнинг 2 февраль куни соат 14:00 га Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 21-, 44-, 45-, 84- ва 87-моддаларига асосан мажбурий ижро тайинланди. Бироқ, фуқаро Нуриддин Исоқов ҳужжатни ижро этилишига тўсқинлик қилди. Натижада, ижро ҳужжатини ўз вақтида ва сўзсиз бажарилишига мумкин бўлмайдиган ҳолатга келтиришига сабабчи бўлди. Бундан ташқари, 2021 йил 5 март куни Наманган туманлараро маъмурий судига аризачи “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖ вакилининг ер участкаларнинг чегара нуқталарини белгилаш ва кадастр ҳужжати тайёрлаш юзасидан ҳаракатлар ҳақида йўллаган шикояти суд томонидан кўриб чиқилгунга қадар вақтинча тўхтатиб турилиши юзасидан ажрим чиқарилган.
“Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖнинг 2021 йил 5 мартдаги шикояти Наманган туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 5 апрелдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантириш рад этилган. 2021 йил 5 мартдаги ажримга асосан қўлланилган дастлабки ҳимоя чоралари суднинг 2021 йил 5 апрелдаги ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач бекор қилиниши белгиланган. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 165-моддасига кўра, суднинг ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириш муддати бир ой эканлигини назарда тутган ҳолда ижро ҳаракатларини амалга оширишни имкони мавжуд эмас”.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида 2021 йилнинг 13 январь куни фуқаро Ў.Худойбердиев билан бирга “Ҳоким ва тадбиркорлар” учрашувида Наманган вилояти ҳокимининг қабулида бўлдик. Ушбу масала жараёни қандай кечаётгани ҳақида Норин тумани ҳокимлиги мутасаддиларидан маълумот олган вилоят раҳбари ушбу мурожаат вилоят прокурори томонидан назоратга олинишини билдирган эди.
Мурожаат тақдири нима бўлганлиги ҳақида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Жўрабек Нурматов шундай деди:
“Мазкур масала низоли жараён билан боғлиқ эканлиги сабабли, ваколат ҳокимлик эмас, суд ва Мажбурий ижро бюросига тегишлидир. 2019 йилда ўтказилган электрон-онлайн аукцион савдо орқали “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖнинг икки қават, 11 та хонаси 218,8 миллион сўмга сотилиб, фуқаро Ў.Худойбердиев савдо ғолиби, деб топилган. Жавобгар Б.Ботиров низолашаётган жамиятнинг электрон онлайн аукцион савдо баённомасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги судга киритган аризалари қаноатлантирилмасдан рад этилган. 2020 йил 25 ноябрь, 3 декабрь ва 2021 йил 2 февраль кунларига тайинланган мажбурий ижро ҳаракатларига Б.Ботиров ижро жойига келишдан бош тортган, унинг турмуш ўртоғи Ш.Ботирова ҳамда куёви Н.Исақов томонидан ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилиш ҳолатлари кузатилган. Сўнгги ижро ҳаракатлари ҳам тўсқинлик қилинганлиги сабабли ижрони якунлашни имкони бўлмаган. Шунга кўра, жорий йилнинг 8 февраль куни фуқаро Н.Исақовга нисбатан Жиноят кодексининг 232-моддасига асосан жиноий иш қўзғатилган”.
Низоли мулк масала юзасидан “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекси” МЧЖ раҳбари Баҳром Ботировнинг ҳам фикрларига қулоқ тутдик. У баҳсли вазият юзасидан шундай деди:
“Жамиятимизда 2016 йил июль ойида ўтказилган текширув давомида 1,9 гектар ер майдонидан 101 698 400 сўм солиқ қарздорлиги ҳисобланган. Жиноят ишлари бўйича Норин тумани судининг ҳукми билан ҳисобланган ундирув жамиятимизга қарашли Ҳаққулобод шаҳарчасида жойлашган 486 843 765 сўмга баҳоланган бино иншоотларга қаратилган. Солиқдан қарзларим учун, жамиятимиз мулклари баҳоланиб сотувга қўйилишидан аввал 45 миллион сўм, кейин эса 10 миллион сўм тўладим. Зарарларни суд ҳукми чиқарилганидан сўнг тўлашни бошлаганман. Суд ҳукмига асосан мулкларим электрон онлайн аукцион орқали савдога чиқарилди. Жамиятимизга қарашли бино-иншоотлар “Реал бизнес баҳо” МЧЖнинг 2018 йил 10 мартдаги ҳисоботига биноан 437 557 000 сўмга қайта баҳоланган. Лекин мол-мулкларни қайта баҳолаш ҳақида жиноят ишлари бўйича Норин тумани судининг ажрими чиқарилмаган.

Мол-мулкларимни очиқ аукционга қўйилишида қонун талаблари бузилган. Тергов давомида 2 та бино хатланган бўлсада, ижрочи томонидан 3 та бино хатланган. Тегишли ҳужжатларсиз мулк қайта баҳоланган. Буюртмада эски, 2007 йилдаги кадастр ҳужжати кўрсатилган. Мен мулкларимни 2012 йилда кадастр орқали қонуний тартибда расмийлаштирганман.
Жамиятимизга қарашли мол-мулкларни сотиш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича қабул қилинган айрим расмий ҳужжатлар, хусусан, МИБнинг ижро ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарори ва мол-мулкни кўздан кечириш ва хатлаш тўғрисидаги далолатномаси, мол-мулкни қайта баҳоланганлиги ҳақидаги огоҳлантириш хати МИБга норасмий равишда ижро ишларида ёрдамлашиб келган фуқаро У.И. томонидан сохталаштирилганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 29 июль куни Жиноят кодексининг 228-моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Норин тумани судига юборилган. Ҳозирда мазкур жиноий иш кўриб чиқилмоқда”.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу низоли муаммони мутасаддилар ҳал этиши, ҳар икки тадбиркорни муросага келтириши керак. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, бугун битта бўлсада янги иш ўрни яратаётган, аҳоли фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш раҳбарларнинг биринчи галдаги вазифаси бўлиши керак. Мазкур тадбиркорларнинг муросага келиб иш юритиши эса кўплаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Шундай экан, мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий Суд ва Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан алоҳида назоратга олинса, айни муддао бўларди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА