Венгриянинг Будапешт шаҳрида ёшлар ўртасида кикбоксинг бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Унда дунёнинг 70 га яқин давлатидан 3 мингдан ортиқ спортчи иштирок этди. Дунё биринчилигида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, 3 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медални қўлга киритди.

Жаҳон чемпионатида Ҳожиакбар Қаҳҳоров, Салимбой Расулмуҳамедов ва Асадбек Абдураимов ўз вазн ва йўналишларида барча рақибларини енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Финалга қадар ўтган беллашувларда Жаҳонгир Сагдуллаев, Абдуворис Зоҳидов, Абдулбосит Абдуғаффоров, Улуғбек Баҳодиров, Миродил Отиқов, Меҳрож Ортиқов, Азиз Йўлдошев (2 та йўналишда), Ферузабону Абдухалилова ғалаба қозониб, кумуш медаль билан тақдирланди.

Шунингдек, Жамшид Маҳмуджонов, Саидафзал Саидбурҳонов, Меҳрангиз Маҳмудова ва Гулсевар Йўлдошева каби кикбоксингчиларимиз делегациямиз ҳисобига бронза медалини келтирди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА