Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кикбоксингчиларимиз юртимизга 21 медаль билан қайтди
10:26 / 2021-09-21

Жорий йилнинг 16-19 сентябрь кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида Бутунжаҳон Кикбоксинг ассоциацияси (WAKO) томонидан XXVI жаҳон кубоги ўтказилди. Мусобақада кикбоксинг бўйича миллий терма жамоамиз аъзолари 5 та олтин, 6 та кумуш, 10 та бронза — жами 21 та медаллар жамғарди.

Ушбу мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, юртимизга қайтиб келган спортчиларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида  АОКА директори, Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси президенти Асаджон Хўжаев,вазирлик ва идоралар мутассади раҳбарлари, спорт жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали равишда кутиб олди.  

Будапешт шаҳри мезбонлик қилган жаҳон кубоги баҳсларида дунёнинг 45 та давлатидан 3000 дан ортиқ кикбоксинчи иштирок этди. Кескин ва муросасиз беллашувларда зафар қучган спортчиларимизнинг мардлиги, жасорати, шижоату матонати дунё аҳлини лол қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, уларнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.

Мамлакатимизда  ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, улар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш борасида кенг имконият яратилмоқда. Бунинг самарасида жисмонан ва маънан соғлом, жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш, манаман деган давлат вакиллари билан мусобақалашишга қодир спортчилар тарбияланмоқда.

Жаҳон кубогида Самандар Рустамқулов, Назарбек Маҳмудов, Нормуҳаммад Раҳмонбердиев, Саидмурод Ҳасанов, Ҳусан Баратов каби спортчиларимиз барча рақибларини енгиб, олтин медалга сазовор бўлган бўлса,  Иброҳим Османалиев, Жасур Собетов, Қобилжон Раҳмонов, Беҳруз Шермаматов, Рухшона Рузеқова, Улуғбек Баҳодиров кумуш медалларни қўлга киритди.

Шунингдек, Моҳинур Маҳамадаминова, Азизбек Болтабоев, Маҳмуд Давиров, Мирзакарим Мирзаев, Фирдавс Сафаров, Назокат Ҳамидуллаева, Хушнуджон Холматов, Достон Иляшов, Муҳаммадали Нажмиддинов, Шоҳруз Шавкатов делегациямиз ҳисобига бронза медалларини келтирди.  

– Жаҳон кубогида ҳар бир жанг мен учун финал каби кечди. Муросасиз баҳсларда мураббийларимнинг тўғри кўрсатмалари сабаб, ғалаба қозондим. Бу мусобақа биз  учун олдинда турган йирик турнирлар олдидан тайёргарлик вазифаси ва ўз кучимизни синовдан ўтказиш учун имкон яратди. Энди навбат, Италияда ўтадиган жаҳон чемпионатига. Чемпионатда ҳам ўз вазн тоифамда шоҳсупага кўтарилишга интиламан, – дейди жаҳон кубоги ғолиби Самандар Рустамқулов.

Шу тариқа, мусобақа якунида 5 та олтин, 6 та кумуш, 10 та бронза — жами 21 та медаллар жамғарган кикбоксингчиларимиз умумжамоа ҳисобида 19-ўринни эгаллади.

Кутиб олиш маросимида мазкур жаҳон кубогида рефери сифатида фаолият кўрсатиб, ҳам самарали қатнашиб, WAKO томонидан энг яхши рефери деб топилган ва медаль билан тақдирланган ҳамюртимиз Темур Муҳаммаджонов ЎзА мухбирига мусобақа таассуротларини сўзлаб берди.

– Жаҳон кубоги ва чемпионатларида баҳсларида нафақат спортчи ва мураббийлар балки рефериларни ҳам жиддий синов кутади. Сабаби, сиз чиқарган қарор спортчиларнинг натижасига таъсир этади. Шу сабабли ҳам ҳар бир жангга тайёргарлик кўрамиз. Жаҳон кубогида муваффақиятли фаолият олиб борганимдан ва энг яхшилар қаторидан жой олганимдан хурсандман.Ушбу муваффақиятим сабаб, 15-24 октябрь кунлари Италияда ўтадиган «WAKO Senior & Master World Championship» жаҳон чемпионатида реферилик қилиш ҳуқуқини олдим.  

Шуни таъкидлаш керакки, Будапештда ташкил этилган жаҳон кубоги мен қатори, спортчиларимиз учун ҳам «WAKO Senior & Master World Championship» жаҳон чемпионати олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Жаҳон чемпионатида ҳам ўз билим ва салоҳиятимни ишга солган ҳолда муносиб иштирок этишга ҳамда бу орқали ўзбек ўғлонлари ҳар соҳада юксак савияга эга эканини дунёга намоён этишга ҳаракат қиламан.

Фурсатдан фойдаланиб, дунё ареналарида мамлакатимиз байроғини баланд кўтарган спортчиларимизни табриклайман. Доимо юртга ёруғ юз билан қайтиш насиб этаверсин. Шунингдек, бизни камтарона меҳнатларимизни юқори баҳолаб, кутиб олиш маросимини ташкил этган мутассадди раҳбарларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

[gallery-3975]

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА