Бугун Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигида жаҳон спортида нуфузли ҳисобланган Бутунжаҳон кикбоксинг ассоциациялари ташкилоти — WAKO Президенти Рой Бейкер иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ҳамда Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси раҳбарияти қатнашди.

Учрашув давомида мамлакатимизда кикбоксинг спорт турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва истиқболли режалар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда кикбоксинг билан шуғулланувчилар сони 20 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда.
Шунингдек, халқаро мусобақаларда иштирок этаётган ўзбекистонлик кикбоксингчилар Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётгани алоҳида эътироф этилди. Томонлар ушбу спорт турини янада оммалаштириш, спортчилар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашувдан сўнг WAKO Президенти Рой Бейкер давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган "Олимпия шаҳарчаси" ҳудудида жойлашган замонавий спорт иншоотлари билан яқиндан танишди.
Мартабали меҳмон ушбу мажмуа Ўзбекистонда спортни ривожлантириш, айниқса ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ушбу учрашув кикбоксингнинг Ўзбекистондаги келажаги халқаро эътибор марказида эканини яна бир бор кўрсатди. WAKO билан ҳамкорлик эса янги имкониятлар ва катта ютуқларга йўл очиши кутилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА