Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Киевда урушни якунлаш режаси муҳокама қилинди (+видео)
19:17 / 2025-11-21

Киевда бўлиб турган АҚШ ҳарбий мулозимлари Россия – Украина урушини якунлаш режасини муҳокама қилди. Америка оммавий ахборот воситалари ёзишича, ушбу режа Трамп томонидан қўллаб-қувватланган.

Музокарани фаоллаштириш учун Туркияга борган Президент Владимир Зеленский Киевда АҚШ армияси вакили Дэн Дрисколл бошчилигидаги делегация билан учрашди. Мулоқот чоғида урушни якунлаш бўйича эҳтимолий келишув масаласи кўтарилган.

Журналистлар мазкур режада асосан Москва талаби илгари сурилгани ҳақида ёзмоқда. Киевга ҳам бироз ён босилгани айтилса-да, бундай ёндашув айнан қайси жиҳатларни назарда тутишига аниқлик киритилмаган. Украина Президенти маъмурияти АҚШдан шундай режа лойиҳаси олинганини тасдиқлади.

– Украина Президенти халқимиз учун муҳим тамойилни белгилаб берди, – дейилган тегишли баёнотда. – Бугунги учрашув натижасига кўра, урушни якунлаш имкониятини юзага келтириш учун ҳужжат бандлари устида бирга ишлашга келишиб олдик.

Дрисколл “Киевга украин амалдорлари билан суҳбатлашиб, урушни тугатиш мавзусини таҳлил қилиш учун келгани”ни айтган.

Дэн Дрисколл Трамп маъмуриятидан Киевга келган энг юқори мартабали армия расмийси ҳисобланади. У аллақачон Украина мудофаа вазири Денис Шмигаль ва Қуролли Кучлар бош қўмондони Александр Сирский билан гаплашишга улгурди.

Бир неча Ғарб нашри режа 28 банддан иборатлиги, ҳужжатда жумладан Донбасс тўлиқ, ҳатто Москва назоратида бўлмаган ҳудудлар ҳам Россияга топширилиши, Украина ўз ҳудудида хорижий тинчликпарвар кучлар жойлаштирилишидан воз кечиши ва армиясини икки баробар қисқартириши, узоқ масофага учувчи қуроллардан фойдаланмаслиги, рус тилига расмий тил мақомини бериши, рус Православ черкови расмий мақомини тиклаши кераклиги назарда тутилгани хусусида ёзган.

Айрим манбаларга кўра, Вашингтон Зеленский ушбу режани қабул қилиши талабини қўйган. Бинобарин, бу маълумотни АҚШ маъмурияти ҳам, Европа давлатлари расмийлари ҳам тасдиқламаган. Фақат давлат котиби Марко Рубио “ҳар икки томон таклифи асосида урушни тугатишга оид ғоялар устида иш олиб борилаётгани”ни айтган, холос.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ANM7-cXjm5E" title="Kiyevda urushni yakunlash rejasi muhokama qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА