Фармон ва шарҳ
Ўрта бизнес иқтисодиётимизнинг инновацияларга асосланган, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарадиган муҳим бўғини сифатида баҳоланади.
Хўш, ҳозирги кунда мамлакатимизда ўрта бизнес ривожи учун барча шароит бор, деб бўладими? Очиқ айтганда, шу йўналишни қўллаб-қувватлаш инструментлари етарлича яратилмасдан қолаётганди.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 18 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотда шу масалага ҳам алоҳида тўхталган эди.
Ўшанда давлат раҳбари кичик бизнесдан ўрта бизнесга ўтиш истагида бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янгича ёндашувлар йўлга қўйилишини алоҳида таъкидлаганди. Хусусан, бу борада бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд жамғармаларнинг фаолияти ҳам, ишлаш усули ҳам тубдан ўзгариши қайд этилган.
Айтилган гап, яхши ташаббуснинг ижроси кўп куттирмади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай – 10 ноябрда Президент “Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Хўш, ҳужжат мамлакатимиздаги тадбиркорлик муҳитининг янада яхшиланишига қандай таъсир қилади?
Молия бозорида ресурсларнинг юқори фоиз ставкалари сақланиб қолаётган шароитда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришнинг янгича ва муқобил инструментларини яратиш, хусусан, тадбиркорлик лойиҳаларига улуш киритиш ва хизматлар ипотекасини жорий этиш, кафиллик ёрдамини тақдим этишни кенгайтиришга эҳтиёж ортмоқда.
Фармон ана шу жиҳатлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу ҳужжат билан бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимида асосий бўғинлардан бири бўлган Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қайта ташкил қилинмоқда.
– Фаолиятимизни жаҳон тажрибаси асосида ташкил этиш ва тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш бўйича комплекс тизимни яратиш мақсадида «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти ташкил қилинмоқда, – дейди Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси бўлим бошлиғи Бурхон Нормирзаев. – Жамғарма бугунги кунга қадар фақат кичик тадбиркорлик субъектларини кафиллик ва компенсация шаклида молиявий ёрдам билан қўллаб-қувватлаб келган. Фармон билан ўрта тадбиркорлик субъектлари ҳам бу имкониятдан фойдаланадиган бўлди. Энди янги хизмат турлари жорий этилиб, мавжудлари янада кенгайтирилади. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, бу хизматлар ипотекаси, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда улушдор бўлиб кириш, банкларга ресурс ажратиш, портфел кафилликлар тақдим этиш каби бир қатор янги хизмат турларини жорий этиш имкони дегани.
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти келгуси йилнинг 1 мартидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини тақдим этади.
Хусусан, ўрта тадбиркорлик субъектларининг хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш лойиҳаларига лойиҳа қийматининг 15 фоизи, бироқ устав капиталининг 20 фоизи ёки 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташаббускорнинг устав капиталига кўчмас мулк объектлари, асбоб-ускуналар ва бошқа кўринишдаги активлар шаклида улуш киритиш шулар жумласидан. Шунингдек, кўчмас мулк ва асбоб-ускуналарнинг 70 фоизи, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда мулк сотиб олиш ва етти йилгача муддатга қарздорлик қолдиғига Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада йиллик фоиз ҳисоблаш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан хизматлар ипотекаси асосида ташаббускорга бериш имконияти яратилади.
Бу каби чора-тадбирлар Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясининг ишбилармонлар билан ҳамкор сифатида ишлашини англатади. Бу қўллов ўрта тадбиркорлик субъектларининг тезроқ оёққа туришида муҳим саналади.
Компания, шунингдек, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига кредит (лизинг) ажратиш учун тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотларига миллий ва хорижий валютада молиявий ресурсларни жойлаштиришга кўмаклашади. Яна бир муҳим жиҳати, тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотлари томонидан миллий ва хорижий валютада ажратиладиган кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларга умумий қиймати 5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этишда амалий ёрдам беради.
Ҳужжатда тадбиркорлик субъектлари, тегишли соҳа мутахассислари теран англайдиган жиҳатлар талай. Бу имкониятлар янги-янги марраларга асос бўлиши шубҳасиз.
Кўрилаётган чоралар, ҳар бир ислоҳот бесамар кетмайди. Буни мамлакатимизда йилдан-йилга яхшиланиб бораётган бизнес муҳитида ҳам кўришимиз мумкин.
Якунда соҳага доир баъзи маълумотларни келтирамиз. Ўтган бир йилда мамлакатимизда кичик тадбиркорлар сони 40 мингдан ортиққа кўпайган. Ўрта тадбиркорлар сони эса 10 мингга етди. Бу рақамлар ортида қанчадан-қанча одамларнинг ўз иш ўринларига эга бўлаётгани, аҳоли турмуш тарзи яхшиланаётгани ётибди.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири