Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини енгиллаштириш ва уни рағбатлантириш давлатнинг асосий вазифаларидан бирига айлантирилиб ҳукумат томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган қонун, қарор, фармон ва бошқа турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 ноябрда “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарордан мақсад, аҳолини кичик ва ўрта бизнесга, жумладан, тадбиркорликка янада кенгроқ жалб қилишдир.
Хўш, ушбу мақсадларга қандай эришилади?
Мазкур қарор лойиҳасида аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг қуйидаги тартиби белгиланмоқда. Жумладан, кичик ва ўрта тадбиркорларга “ягона дарча” тамойили асосида молиявий хизмат кўрсатиш учун кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ва Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармалари биноларига жойлаштирилмоқда. Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, Маҳаллабай ишлаш агентлиги раҳбарияти томонидан ҳар ҳафта маҳаллаларга чиққан ҳолда, аҳоли ва тадбиркорларга кичик ва ўрта бизнес учун давлат томонидан яратилган молиявий имкониятларни тушунтириб боради.

Шунингдек, кичик бизнесга кўмаклашиш марказларида аҳоли ва тадбиркорларни бизнес кўникмаларига ўқитади ҳамда кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ва Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси билан бирга салоҳиятли тадбиркорларни аниқлаб, уларнинг лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашади.
Шу билан биргаликда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бир қатор ташкилотлар билан биргаликда бир ҳафта муддатда давлат дастурларида назарда тутилган имкониятлар ва уларда иштирок этиш шартлари тўғрисида тақдимот материаллари ва видеороликлардан иборат намунавий қўлланмалар тайёрлаб, Республика комиссияси аъзолари ва ҳудудий комиссияларга етказилиши ҳамда электрон платформаларда жойлаштирилиши юклатилган.
Кичик ва ўрта бизнес мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида муҳим рол ўйнайди ва улар ривожланишининг ижобий томонлари шундаки, Иқтисодий ўсишни рағбатлантирилиши, жумладан, кичик ва ўрта бизнес янги иш ўринларини яратиш ва умумий бандликни оширишга ҳисса қўшади, бу эса иқтисодий ўсишга ёрдам беради.
Инновацион ва технологик тараққиёт бўйича кичик ва ўрта бизнес инновация ва технологик тараққиётнинг бош ғояси сифатида ҳизмат қилади. Улар кўпинча янги ғоялар, ишланмалар ва технологиялар манбаи ҳисобланади.
Камбағалликни ва тенгсизликни қисқартирилишида эса кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиши аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга ёрдам беради.

Шунингдек, кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиши ҳудудларнинг такомиллашиши, хусусан, кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳудудларнинг, айниқса кичик шаҳарлар ва қишлоқ жойларнинг мўтадил ривожланишига ҳисса қўшади. Ушбу ҳудудларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлаш инвестицияларни жалб қилиши ва янги иш ўринларини яратишга ёрдам бериши мумкин.
Рақобатнинг рағбатлантирилишида эса бозорда рақобатни кучайтиришга ўз ҳиссасини қўшади. Масалан, кичик ва ўрта бизнес субъектлари ва катта тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги рақобат истеъмолчилар учун сифатлироқ ва арзонроқ бўлган товар ва хизматларни шакллантиришга хизмат қилади.
Гулноза бобоева, ЎзА