Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кичик томошабинлар учун театр туҳфаси (+видео)
17:38 / 2024-01-09

Беғубор болажонлар онгу шуурида эртак қаҳрамонлари, эзгулик ва ёвузлик тимсоллари ўзгача таассурот уйғотади. Айниқса, Янги йилнинг асосий қаҳрамонлари бўлган Қорбобо ва Қорқиз ҳамда Ялмоғиз кампир билан боғлиқ саргузаштлар янада завқлидир. Ушбу тимсоллар фарзандларимизни эзгулик тарафдори бўлишга ва доим яхшилик қилишга ундайди.

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан кичик томошабинлар учун “Ялмоғизнинг режаси” номли мусиқали эртак томошаси тақдим этилди. Мактаб ўқувчиларининг қишки таътил мавсумини мазмунли ташкил этиш мақсадида саҳналаштирилган ушбу томоша ҳар бир ёш томошабин қалбида ўзгача завқу шавқ уйғотди.  

Томошада кўрсатилганидек, ёвуз ниятли Ялмоғиз болаларнинг қувончини ўғирлаш, байрамни бузиш мақсадида Янги йилнинг асосий қаҳрамони бўлган Қорбобони ўғирлаб, занжирбанд қилиб қўяди. Қорқиз бошчилигидаги эзгулик қаҳрамонлари эса Қорбобони қутқариб, болаларга байрам завқини, қувончини улашишга интилади. Миллий эртакларимизнинг асосий ғояси бўлган эзгулик албатта ёвузлик устидан ғалаба қозониши томоша давомида бўртиб кўринади. Ушбу ғояни ўзида акс эттирган “Ялмоғизнинг режаси” эртак томошаси ижодкорлари асар ғоясини кичик томошабинларга етказишда бор маҳоратини намойиш этди.  

—  Мазкур томошамиз Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театрининг айнан кичик томошабинлари учун саҳналаштирилган бўлиб, болажонларимизнинг қишки таътил вақтини унумли ва мазмунли ўтказишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди, — дейди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театри матбуот котиби Феруза Холиқова. — Бу спектаклга хайрия томошаси сифатида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандлари таклиф этиляпти. Масалан, бугунги томошага Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги Ногиронлар жамияти аъзолари ташриф буюрди. Асаримиз болажонларга хуш кайфият бағишлаяпти, буни уларнинг юз-кўзларидан ҳам билиш мумкин.    

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NaAu2h45kBo" title="Kichik tomoshabinlar uchun teatr tuhfasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Маънавият, маданият маскани бўлмиш театрларимизга ёш авлод вакилларини кичиклигиданоқ ошно қилиш уларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялашда, онгу шуурига эзгулик уруғларини экишда муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, биз катталар фарзандларимиз билан биргаликда театрларга мунтазам ташриф буюриб, уларнинг маданий савиясини ўстириб боришга эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқдир.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА