Бухоро вилояти Вобкент тумани “Халач” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Кичик саноат зонаси” давлат муассасасида “The Great Eloquent” оилавий корхонаси иш бошлади.
–Умумий қиймати 1 миллион 100 минг АҚШ долларига молиялаштирилган мазкур лойиҳа учун туман ҳокими қарорига мувофиқ кичик саноат зонасидан 30 сотих ер майдони олинди. Майдоннинг 11 сотихида қурилиш ишларини бошлаганимизга икки йил бўлди, – дейди оилавий корхона раҳбари Лазиз Бахшуллаев. – Икки цех ва омбор қурилиши якунига етиб, Хитойдан келтирилган махсус технология билан жиҳозланди. Эндиликда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш учун пекпроформа капсула кўринишидаги елим идишларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Лойиҳа умумий қийматидан 5 миллиард сўмга тенг улуши тижорат банки кредит маблағи саналади. Кичик корхонада 8 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди. Улар 1,5 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача ойлик маош олмоқда. Кунига 2 тоннагача гранула қайта ишланиб, 20 минг донагача тайёр пластмасс идиш тайёрланмоқда. Тадбиркорнинг айтишича, елим маҳсулот ассортименти, яъни сиғими 500 граммдан тортиб, 20 литрли идишгача ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирда буюртмачиларга 5 литрли идиш 2 минг 300 сўм, 10 литрлиси 3 минг 700 сўм ва 20 литрлиги 23 минг сўмдан сотилмоқда.

Ишлаб чиқариш учун албатта хом ашё таъминоти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу борада оилавий корхона зарур кимёвий ишланмалардан олинган унсур пластмасс гранулани Қашқадарё вилоятидаги “Шўртангазкимё” МЧЖ дан харид қилмоқда. Тадбиркор иккинчи босқичда ички бозор ва харидор талабларини ўрганган ҳолда пластик профилдан эшик-деразалар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйишни режалаштирган.
Зариф Комилов,
ЎзА