Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кичик саноат зонасида янги иш ўринлари яратилмоқда
15:19 / 2024-03-28

Бухоро вилояти Ромитан туманида “Алишер Навоий”, “Афросиёб” ва мебелчиликка ихтисослаштирилган “Алишер Навоий-2” кичик саноат зоналарини ташкил этишга жадал киришилган.

Мазкур кичик саноат зоналарида умумий қиймати 43,8 миллиард сўмга тенг бўлган 24 та лойиҳа амалга оширилади. Шундан 35,3 миллиард сўми ташаббускор тадбиркорларнинг ўз маблағи, 8,5 миллиард сўми эса тижорат банклари кредит улушидир. Аҳамиятлиси, бу лойиҳалар тўла қувватда иш бошлаши натижасида 238 та янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.  

Туманнинг “Алишер Навоий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2,2 гектар ер майдонида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилган. Тадбиркорлик зонаси ҳудудида умумий қиймати 26,1 миллиард сўмликка тенг жами 33 та тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш ҳамда 153 та янги иш ўрнини яратиш чора-тадбири кўрилмоқда.  

Бугунга келиб бу манзилда 33 та лотнинг барчаси аукцион ғолиблари томонидан сотиб олинган. Дастлабки қурилиш-монтаж ва цехларни жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, бир нечта лойиҳада қурилиш ишлари якуний босқичда бўлиб, фаолият йўлга қўйилмоқда.  

Илғор лойиҳалар қаторида “Аҳад Файз Чорваси” МЧЖ томонидан замонавий мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси рўёбга чиқарилган. Ўтган йилнинг биринчи ярмида ишга туширилган, умумий қиймати 1 миллиард 300 миллион сўм бўлган, йилига 800 миллиард сўмлик замонавий андозадаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхонада 7 нафар ишчи-мутахассис бандлиги таъминланган.  

“Алишер Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида мебелсозликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган иккинчи кичик саноат зонаси учун 1,3 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, маҳаллий тадбиркорлар учун лотлар “E-IJRO AUKSION” майдончасида савдога чиқарилган. Бунда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Ромитан элга хизмат”, “Sultan mebel haus” ва "MEGAWASH LYUKS" каби корхоналар ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантирмоқда.  

Харидор талаби асосида мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Mufarrah Investmen” МЧЖ ҳамда ёғочдан тайёрланадиган маҳсулотлар, ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор “Boboyeva Zarifa Fayzullayevna” корхоналари ҳам ўз фаолиятини жорий йил иккинчи чорагида бошлаши кутилмоқда. Айни кунда жиҳозлаш ишлари бораётган “Mufarrah Investmen” МЧЖ лойиҳаси умумий қиймати 5 миллиард сўмга тенг бўлиб, тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида ундаги иш ўрнини 56 нафарга етказиш мақсад қилинган.  

– Яқин кунларда фаолиятимизни бошлаймиз, – дейди ҳудуддаги якка тартибдаги тадбиркор Зарифа Бобоева. – Цехимизда ҳадемай 8 киши  иш билан таъминланади. – Фаолиятимизни яна кенгайтирган ҳолда янги иш ўринлари очишни режалаштиряпмиз.  

Худди шундай, мазкур кичик саноат зонасида “BLOK BAND”, “Miron Mirfayz Xumoyun” ҳамда “Pomengranat building” МЧЖлари ҳам ўз фаолиятини жонлантириш, маҳсулдорликни ошириш ва иш ўрнини кўпайтириш ҳаракатида.  

2023 йил якунига биноан “Алишер Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги бу манзилда 9,1 миллиард сўмликдан ортиқ 4 та лойиҳа амалга оширилди. 60 га яқин иш ўрни яратилган. Шу ерда кичик саноат зоналаридаги лойиҳаларни амалга ошириш, паст қувватда ишлаётган корхоналар фаолиятини ривожлантириш, уларни зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга дахлдор жиҳатлар муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.  

 

Зариф Комилов,  

ЎзА мухбири