Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кичик саноат зонасида янги иш ўринлари яратилмоқда
17:27 / 2024-01-11

Юртимизда тадбиркорлик субъектларига яратиб берилаётган имтиёзлардан бири –эркин иқтисодий зонада ишлаб чиқаришни ташкил этган тадбиркорга 3 йилдан 10 йилгача солиқ имтиёзлари берилмоқда. Импорт ўрнини босувчи харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ишбилармонлар учун бу имконият ва имтиёзлар янада кўпроқ. Бунинг учун аввало, юқори технологияга асосланган маҳсулот ишлаб чиқарувчи, қўшилган қиймат яратувчи, маҳсулотнинг экспортбоплиги ва, албатта, кўпроқ иш ўринлари яратиладиган лойиҳалар танлаб олинади.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, ишлаб чиқариш корхоналари учун мўлжалланган ва дастлабки босқичда умумий майдони 1,5 гектарни ташкил этган ҳудудда биринчи ташаббускорлар қаторида 6 та лот ўз эгаларига тақсимлаб берилган. 

–Маҳаллалардаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалардан меҳнатга лаёқатли юзга яқин кишини иш билан таъминлаш имкониятига эга бўлган бу зонада бизнес ташаббусларига мувофиқ, металлдан турли ўлчамдаги мих, бурама михлар, сим тўрлари, синтетик пахта-синтепон, шунингдек, тикув-трикотаж маҳсулотлари, эркаклар ва аёллар кийим-кечаги, кўрпа-ёстиқлар, аёллар сумкалари, замонавий андозадаги пишиқ пойабзаллар тайёрлаш лойиҳалари ишга туширилмоқда, –дейди “Бухоро кичик ҳамда ёшлар саноат зоналари бўйича ягона дирекцияси” мутахассиси Шерзод Аҳмедов. – Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йиғилиш баёнига асосан Ғиждувон тумани, Файзулла Хўжаев маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил қилинган кичик саноат зонаси майдонида қурилиш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш асосий мақсад қилинган. Саноат зонасида тадбиркорлик субъектларига тегишли кичик корхоналарнинг ишга тушиши пировардида юздан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаш ҳамда бизнес лойиҳалари ишлаб чиқариш қувватини 14 миллиард 884 миллион сўмга етказиш асосий вазифа этиб белгиланган. 

Имкониятлардан кенг фойдаланаётган бизнес вакилларидан бири маҳаллий тадбиркор Камол Элмуродов бўлиб, у ташкил этган “Алп Камол файз” масъулияти чекланган жамияти томонидан тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунинг учун айни пайтда кичик саноат зонасидан 20 сотих ер майдони “Алп Камол файз”га ажратиб берилган ва ҳозирда бу ерда қурилиш ишлари бошланган. 

–Яқин кунларда кичик саноат зонасида яна янги лойиҳаларни амалга оширамиз, –дейди тадбиркор Камол Элмуродов. – Импорт ўрнини босувчи харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, имконият ва имтиёзлардан кенгроқ фойдаланамиз. 

Кичик корхонада “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳадемай шу ҳудудга яқин Оқработ, Бойхотин, Қорабоғ, Ғишти, Зарангари, Гаждумак каби маҳаллалардан 20 нафар ёш йигит-қизни иш билан таъминлаш кўзда тутилган. 

Тадбиркор тикув цехи билан чекланиб қолмай, турли хилдаги замонавий эшикларни ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқда. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири